Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмади

Самарқандда 16-18 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг суд-ҳуқуқ масалаларига оид сайёр қабуллари ўтказилди.

Уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда жиноят ишлари бўйича шаҳар ва туманлар судларида 121 нафар шахснинг ишлари кўриб чиқилиб, уларнинг барчаси ўталмай қолган жазодан муддатидан олдин шартли озод этилди.

Бир мисол, тойлоқлик Элдор Баҳронов 2017 йил кузида Туркияга ишлашга кетади. Унга чет элга чиқиш учун 2019 йил 31 июль кунига қадар рухсатнома-стикер берилган бўлса-да, у 2020 йил 13 мартга қадар Истанбулда қолиб кетади. Камига бу орада унга Туркияда вақтинчалик бўлиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат муддати ҳам 2019 йил 30 ноябрда тугайди. Бу муддатни яна узайтириш учун эса Элдор Туркия чегарасидан бир чиқиб қайта кириши, лекин бунинг учун, аввало, мамлакатимизга келиб чет элга чиқиш учун рухсатнома-стикерини янгилаши лозим эди. Элдор эса бу тартибга риоя қилмай, 2019 йил 1 декабрь куни Озарбайжоннинг Боку шаҳрига бориб, аэропортнинг ўзидан яна Истанбулга қайтиб келади. Айни шу хато 2020 йил 14 мартда Самарқандга қайтган Элдорга қимматга тушади. Самарқанд халқаро аэропортида чегара назорати ходимлари бу қонунбузарликни аниқлаб, тегишли тартибда расмийлаштиради. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди 2020 йил 18 августда бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновга 1  йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлайди. Бу йигит 18 ойлик жазонинг ярмидан кўпини тартиб-интизом билан ўтади, шу даврда у белгиланган қоидаларга қатъий амал қилди, қонун чизиғини бошқа босиб ўтмади. Шу боис ҳам Тойлоқ тумани ички ишлар бўлими тақдимномаси асосида жиноят ишлари бўйича Тойлоқ туман суди бу ишни кўриб чиқиб, Элдор Баҳроновни ўталмай қолган жазодан шартли равишда озод этди.

Шунингдек, қабул кунлари маъмурий ишлар бўйича судлар томонидан 27 та ариза қаноатлантирилди. 93 та тадбиркорлик субъекти етказилган моддий зарарни ихтиёрий қоплагани учун уларга нисбатан қўзғатилган маъмурий ишлар  тугатилди, сайёр суд мажлисларида 2 та иқтисодий иш кўрилиб, тадбиркорлар фойдасига ҳал қилинди. Дейлик, пахтачилик тадбиркор Аъзам Мустафоев 2018 йилда муқобил машина трактор паркига тегишли эски-ю таъмирталаб бинони ижарага олиб, қарийб 600 миллион сўм сарфлаб таъмирлайди, Хитойдан замонавий тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар олиб келади. Натижада бинойидек хусусий клиника иш бошлайди. Лекин орада бу мулкнинг туман ҳокимлиги балансига қайтарилиб, кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилганидан тадбиркор бехабар қолади. 2020 йил 9 октябрда Мажбурий ижро бюроси бу мулкни электрон аукцион савдосига чиқаргач, тадбиркор сарфлаган маблағининг сўровини бошлайди. Аъзам Мустафоевнинг оммавий қабулдаги мурожаатидан сўнг Каттақўрғон туманлараро иқтисодий суди куни кеча бу ишни кўриб чиқиб, тадбиркорнинг ҳуқуқларини тиклади: мазкур мулк ижарачининг харажатлари инобатга олинмасдан сотилгани учун Мажбурий ижро бюроси Пахтачи тумани бўлимининг қарори ҳақиқий эмас, деб топилди. Энди тадбиркор истаса аукционда қатнашиб бу мулкни сотиб олади, агар бошқа шахс бу мулкни харид қилса, унда Аъзам Мустафоевга қилган харажатларини қоплаб беради.

Умуман, Самарқанд вилоятида суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ташкил қилинган уч кунлик очиқ-жонли мулоқотларда 1 минг 609 та масала кўриб чиқилган бўлса, уларнинг 466 таси жойида ҳал қилинди, 363 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат, 195 та мурожаат эгасига тушунтириш берилди, 585 та мурожаат эса назоратга олинди.

Самарқанд вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими.