Ҳеч қайси давлатнинг фуқароси бўлмаганларга Ўзбекистон паспорти берилади
Бу қандай тартиб асосида ўтказилади, кимга мурожаат қилиш керак?
Вилоят Матбуот уйида ўтказилган навбатдаги анжуманда вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи, полковник Даврон Норчаев Ўзбекистон фуқаролигини бериш тартиби тўғрисида батафсил маълумот берди.
Кимга, қандай ҳужжатлар билан мурожаат қилиш керак?
- Фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун доимий яшаб турган жойидаги ҳудудий ички ишлар бўлимига мурожаат қилади, - дейди Д.Норчаев. - Бунда паспорт ва никоҳдан ўтган ёки ўтмаганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим қилинади.
Шу асосда ҳудудий ички ишлар бўлимида тегишли рўйхатлар шакллантирилиб, 3 кун ичида вилоят ИИБга тақдим қилинади. Вилоят ИИБ тақдим қилган маълумотлар асосида фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикаси фуқароси, деб тан олиш масаласи Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳал қилинади.
Маълумот учун, бугунги кунгача вилоят бўйича мазкур масалада 120 дан ортиқ мурожаат бўлган.
Эслатиб ўтиш лозим, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш истагини билдирган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баробари – 490 минг сўм давлат божи тўлайди.
Фуқаросизликни қисқартириш аввал қандай бўлган?
Республикамиз мустақилликка эришган 1991 йилдан 2007 йилга қадар фуқаролиги бўлмаган 482 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. 2007 йилдан 2016 йилнинг декабрь ойига қадар биронта ҳам фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилмаган.
2016 йил декабрь ойидан 2021 йил май ойига қадар давлатимиз раҳбарининг 88 та фармони асосида 22 минг 269 нафар, жумладан Самарқанд вилояти ҳудудида истиқомат қилувчи 666 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
- Президентимизнинг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўплаб долзарб ва муҳим вазифалар қаторида фуқаролик масалаларига оид қонунчиликни такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида навбатдаги муҳим қадамни қўйиш зарурлиги таъкидланди, - дейди Д.Норчаев. - Жумладан, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиб, доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш таклиф этилди.
Шунга кўра, Ички ишлар вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан ҳамкорликда 28 йил муқаддам қабул қилинган ҳамда бугунги замон талабларига тўлиқ жавоб бермайдиган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қонун 2020 йилнинг 13 март куни қабул қилинди.
Қонуннинг 6-моддасида давлатимиз раҳбари таклиф қилган норма белгиланди. Яъни, 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий пропискадан ўтган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ҳамда ушбу Қонун кучга киргунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган шахс истак билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилди.
Қонун талаблари асосида бугунги кунгача республика миқёсида 23 мингдан ортиқ, жумладан вилоятимиз ҳудудида истиқомат қилувчи 513 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Мазкур фуқароларга Ўзбекистон фуқароси паспорти (ёки ID-карта) ҳужжатлаштириб берилди.
Навбатдаги енгиллик берилди
Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида республикамизда фуқаросизликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган туб ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2005 йил 1 январга қадар юртимиз ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз 15 йил доимий яшаш жойи бўйича рўйхатда туриб, фуқаролиги бўлмаган шахс яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ID-картаси асосида яшаб турган ва чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш таклиф этилди.
Шунга кўра, 2021 йилнинг 14 июнда “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.
Энди:
- 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс хоҳиш билдирган тақдирда, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади;
- ўзини Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикасида камида ўн беш йил давомида доимий яшаб келаётган ва ушбу давр мобайнида чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади;
- ота-онасидан бири (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинган, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган ва юртимизда яшаб келаётган бола хоҳиш билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинади.
Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш учун назарда тутилган фактларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ариза берувчи ушбу фактларни суд тартибида тасдиқлаши мумкин.
Ушбу таклифнинг амалиётда жорий этилиши натижасида 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган 20 минг 570 нафар (вилоятимиз ҳудудида 475 нафар) ва ҳар йили тахминан 1 500 нафар (вилоят ҳудудида 50 дан ортиқ) республикамиз ҳудудида доимий рўйхатдан ўтиб яшаб келаётганига 15 йилдан ошадиган фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш имконияти яратилади.
Юртимизда туғилган ва яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш мақсадида илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар 5 йил давомида (фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олган кундан эътиборан) узлуксиз яшаш шарти бекор қилинди.