hivtest.uz: ОИВга текширтиришнинг онлайн усули фақат Самарқандда амалга оширилмоқда
Ўтган йилдан бошлаб мамлакатимиз бўйлаб фақатгина вилоятимизда 95-95-95 мақсадларига эришиш учун барқарор, кенг қамроқли ва самарали минтақавий дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш кўзда тутилган.
Шу дастур доирасида янги, hivtest.uz онлайн хизмати ташкил этилди. Бу тўпламга тезкор тест ва ахборот материаллари киради, шунингдек, қўшимча профилактика материаллари киритилиши мумкин.QR код орқали ушбу тизимга кириб, тезкор тестни уйингизгача етказиб бериш хизмати йўлга қўйилди. Ушбу хизмат ОИВ тестини бепул ва махфий равишда топширишни истаган ҳар бир киши учун кўзда тутилган.
Шу каби бир қатор янгиликлар билан аҳолини таништириш мақсадида вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази масъуллари вилоятдаги оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди. Вилоят матбуот уйида ўтган анжуманда ОИТСга қарши кураш тизимини рақамлаштириш ва бугун бу масаладаги эпидемиологик вазият ҳақда маълумотлар берилди.
- Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар, рақамлаштириш бизнинг соҳани ҳам четлаб ўтмади ва бу бўйича жиддий қадамлар ташланди, - дейди вилоят ОИТСга қарши кураш маркази раҳбари Улуғбек Назаров. – Соҳани рақамлаштириш нафақат коррупциянинг олдини олишда, балки фаолиятимизни самарали йўлга қўйишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Амалга оширилган ишларнинг баъзиларига тўхталиб ўтсам. ОИВ билан яшовчи шахслар тўлиқ электрон дастурга киритилди, уларнинг рўйхати янгиланди. Илгари ушбу инфекция аниқланган шахсларни рўйхатга олиш жараёни кўп босқичли ва мураккаб эди. Ушбу инфекция ҳолатларини кузатиб боришнинг ягона электрон ахборот тизими яратилди. Олдин тизимнинг турли даражалари ўртасида маълумот алмашишда қийинчиликлар мавжуд эди, бу эса жараёнларни кечиктириб, самарадорликни пасайтирарди. Шунингдек, анонимликни таъминлаш ва маълумотларнинг ҳаққонийлигини сақлашда мураккабликлар мавжуд эди. Беморнинг ягона электрон тиббий картаси жорий этилгани, ОИВ диагностикаси лабораторияларининг иш фаолияти тўлиқ автоматлаштирилгани туфайли шу муаммоларнинг олди олинди.
Беморлар учун дори воситалари ва тест системалар ҳаракати электрон ҳисобга олина бошлади ва уларга бўлган эҳтиёж аниқ ҳисоб-китоблар асосида автоматик тарзда шаклланди.
Марказ бошқа тиббиёт муассасалари, ташкилотлар билан интеграциялашган. Натижада ОИВ инфекцияси билан зарарланган, 18 ёшгача бўлган шахсларга бериладиган нафақа пулларини расмийлаштириш давлат хизматлари орқали саноқли муддатларда амалга оширилмоқда.
Шунингдек, электрон тизимнинг йўлга қўйилиши натижасида инфекцияга чалинган фуқароларнинг доимий ва вақтинча яшаш манзилларидан қатъи назар ахборот тизими орқали уларга барча турдаги тиббий ёрдамни жойида кўрсатиш имкони пайдо бўлди.
2026 йилнинг 1 майига қадар рўйхатга олинган ОИВ билан зарарланганларнинг 81,1 фоизи касалликни жинсий йўл орқали, 5,73 фоизи эса нотиббий парентерал йўл орқали юқтирган. “Мобил лаборатори” автобуси ёрдамида ҳудудларда ташкил этилаётган текширувлар натижасида аҳоли орасида ОИВ инфекцияси бўйича текширувлар билан бир қаторда бу бўйича аҳоли хабардорлиги ҳам оширилмоқда.
Анжуман давомида соҳа вакиллари журналистларнинг мавзуга доир саволларига жавоб беришди.
Динара Эргашева, Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.