Ҳоким мени йўқлади...

Инсон олдинда ўзини нималар кутаётганини билмас экан. Ногоҳ бошига мусибат тушса, суянч тополмаса, бундан оғири йўқ. Бир йил аввал «Сени шундай кулфат кутиб турибди», дейишса ишонмасдим. Аммо бу ҳаёт...

Ягона суянчим, ўғлим эди. Ундан бошқа меҳрибоним йўқ эди. Афсуски, бевақт ўлим уни мендан юлиб олди. Карахт эдим. Атрофда юз бераётган воқеликка ишонолмас, гўё туш кўряпману уйғонсам, ҳаммаси аввалги ҳолига қайтади.

Тақдирни ўзгартириб бўлмас экан. Шундай оғир дамларда маҳалла-кўй ёлғизлатиб қўймади. Ҳолимдан хабар олиб туришди. Жигарбандимнинг маракаларида бош бўлишди.

Куз келди.

Ўғлим ҳаётлик вақти сезилмаган экан. Кулбадек уйим иссиқ, камчиликларим йўқдек туюлган. Энди совуқ ҳам менга икки ҳисса озор бераётгандек. Биринчи ёмғирдаёқ ҳамма ердан чакка ўтиб кетди. Ўйлайман, аввал ҳам уйим шундай ғарибмиди?

Бир куни маҳалладошларим ҳоким мени йўқлаб келаётганини айтишди. Туманимиз раҳбари Ҳ.Тўйчиев бошимга тушган мусибатдан хабар топгач, кўнглимни кўтарди, таскин берди. Эртасидан иш бошланди. Ҳокимлик томонидан зарур қурилиш ашёлари ажратилибди. Қишлоқдошларим С.Кулибоев, Б.Сиддиқов, Ў.Сиддиқов, Б.Очилов, Ш.Ўринов ҳашар бошида туриб, ёшларга ибрат кўрсатишди. Уйимнинг том қисмини тўлиқ янгилаб беришди.

Мана, қишнинг иккинчи ойи ҳам ўтиб боряпти. Ташқарида қор. Шукурки, уйим иссиқ.

Кўнглимдан нималар ўтаётганини мусибат вақти одамлардан меҳр кўрганлар яхши тушунади.

Шу сўзларни қоғозга туширяпману тилимда дуо айланади: менга кўмак берган инсонлар бошига фарзанд доғи тушмасин!

Улжон ОЧИЛОВА,

Жомбой тумани, Сўхмон маҳалласи.