Ҳоким опанинг аёллар давраси

Каттақўрғон шаҳрида истиқомат қилаётган 90 мингга яқин аҳолининг 50 мингдан ортиғи, жумладан, 26 минг нафар хотин-қизлар меҳнатга лаёқатли. Аммо ҳаммасининг ҳам бандлиги таъминланмаган. Йил бошидан буён шаҳар ҳокимлигига 811 нафар хотин-қиз иш масаласида мурожаат қилган. Шу пайтгача 178 нафар аёлларга доимий иш ўрни топиб берилган бўлса, 34 нафарининг ҳовлисида давлат субсидияси асосида иссиқхона қуриб берилиб, бандлиги таъминланган. 80 нафарга яқин бекалар эса қисқа муддатли ўқув курсларида тикувчилик, сартарошлик, ошпазлик ва бошқа касбларга ўқитилди. Улар уй шароитида ҳам бу касблар билан шуғулланиб, рўзғор тебратиши мумкин.

Кўп йиллар маҳалла тизимида, хотин-қизлар қўмитасида фаолият кўрсатган Гавҳар Алимова Каттақўрғон шаҳрига ҳоким этиб тайинлангач, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш каби муҳим йўналишлар қаторида хотин-қизлар масалаларига биринчи даражали юмуш сифатида ёндашаётгани сезилиб туради. Чунки аёлларнинг дарду ташвишларини ҳис қила олади, доим хотин-қизлар орасида бўлгани учун уларнинг турмуш тарзидан ҳам яхши хабардор.

– 18 йил уйсиз, ижарада яшадим, – дейди Ноқис маҳалласида яшовчи Нодира Болиева. – Шу масалада ҳокимга мурожаат қилгандим, арзим ерда қолмади ва ҳокимлик томонидан икки хонали уй ажратилди. Ҳозир ҳам ҳар бир байрам, яхши кунларда йўқлаб туришади. Бундай ғамхўрлик ва эътибордан бошим кўкка етади.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Г.Алимова бу гал шаҳардаги эҳтиёжманд, оғир вазиятга тушиб қолган бир гуруҳ хотин-қизлар билан дастурхон атрофида суҳбатлашди. Уларнинг муаммо ва ташвишлари, мақсад-ўйларини эшитди. Кимдир кўзда ёши билан дардини тўкиб солди. Кимдир қувончини, яна кимдир истагини билдирди.

– Шу пайтгача шаҳримиздаги ишсиз опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, рўзғори учун даромад манбаи яратиш мақсадида 5 бош соғин сигир, 30 бош қўй, 11 та тикув машинаси, 20 та микротўлқинли печ ва турли хил ҳунармандчилик ускуналари берилди, – деди Г.Алимова. – Албатта, бу жуда кам. Қачонки, юзлаб шундай воситалар берсак, аёлларимиз учун янги иш ўринлари яратсак ва улар ўзидан, рўзғоридан кўнгли тўқ бўлса, кейин бу ҳақда гапирсак ярашади. Ҳозир ҳам имкон даражасида ёрдам беряпмиз. Биринчи навбатда, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратяпмиз. Президентимиз ташаббуси билан аёллар ва ёшлар дафтарлари ҳам ташкил этилиши бошланди. Бу рўйхатни шакллантириб олганимиздан кейин азиз опа-сингилларимизга яна кўпроқ ёрдам берамиз. Ўз навбатида, аёлларимиздан фарзанд таълим-тарбиясига, оилада соғлом муҳитни қарор топтиришга алоҳида эътибор беришларини илтимос қиламиз. Оилаларимиз тинч бўлса, фарзандларимиз соғлом ўсиб, пухта билим олса, жамиятимизнинг энг катта ютуғи шу бўлади.

Учрашув якунида Гавҳар Алимова хотин-қизларга ҳомийлар томонидан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийим-кечакларни топширди.