Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳоким вилоятнинг энг олис ҳудудида сайёр қабул ўтказди, ёшлар билан учрашди

Бугун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Қўшработ туманининг энг олис маҳаллаларидан бири Урганжида аҳоли учун сайёр қабул ўтказди. Унда шу маҳалла ва унга туташ ҳудудларда яшовчи фуқаролар иштирок этди.

Қабулда йўл қурилиши, ичимлик суви, уй-жой, ишсизлик ва бошқа масалаларда 142 та мурожаат келиб тушди. Вилоят ҳокими ҳар бир фуқаронинг муаммо ва таклифини диққат билан тинглаб, масалаларга ечим топиш чорасини кўрди.

Сайёр қабулдан сўнг ҳоким ёшлар билан учрашди. Унда 150 нафарга йигит-қизларнинг муаммолари тингланди. Учрашувда 28 нафар йигит мотокультиватор ҳамда пайвандлаш ускуналарини олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

- Ишсизман, томорқада меҳнат қиламан, - дейди урганжилик ёшлардан бири Мақсуд Мирзаев. – Шу пайтгача ерни кетмон билан ағдарардик. Бунинг учун эса албатта, кўп вақт ва катта куч талаб қилинади. Бу ишда эса мотокультиватор қўл келади. Уни сотиб олиш учун маблағим йўқ эди. Бугун вилоят ҳокимидан шу ускунани субсидия асосида олишга ёрдам беришини сўрадим. Мурожаатим вилоят бандлик бошқармаси томонидан 10 кун муддат ичида ҳал қилинадиган бўлди.

Тўлқин Сиддиқов.