Ҳудудлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг маълум турини етиштиришга ихтисослаштирилади

Президентимизнинг 2020 йил 11 майдаги “Республика ҳудудларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, республика ҳудудлари босқичма-босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштирилади.

Мазкур ишларини самарали ташкил этиш мақсадида эксперимент тариқасида 2020-2022 йиллар давомида Жиззах вилоятининг жами 116,3 минг гектар қўшимча ер майдонлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга ихтисослаштирилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 1 январга қадар четдан олиб кирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари божхона божидан озод этилади.

Сув чиқариш учун бурғиланган қудуқни, шунингдек, дарёлар, каналлар ҳамда бошқа сув ҳавзаларидан сувни тортишга насос станциясини қуриш учун ҳар 35 гектар майдонга 120 миллион сўмдан ошмайдиган миқдорда субсидия ажратилади.