Ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 миллионга яқинлашди: Энг кўп аризалар Самарқанд давлат университетида қайд этилди

2019 - 2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим олиш учун ҳужжат топширган абитуриентлар сони 1 миллионга яқинлашди, деб хабар бермоқда ЎзА, Давлат тест маркази маълумотларига асосланиб.

“2019 йилнинг 14 июль соат 18:00 ҳолатига,  кундузги таълим шаклига - 672 016 та, кечки таълим шаклига - 11 947 та, сиртқи таълим шаклига - 276 880 та абитуриент ҳужжат топширди. Жами абитуриентлар сони - 960 843 нафарга етди”, - дейилади хабарда.

Энг кўп аризалар сони Самарқанд давлат университетида қайд этилди. Ушбу олий таълим муассасасига - 65605 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Шунингдек, Андижон Давлат университетига - 41832 нафар ва Қарши давлат университетига - 40538 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Абитуриентлар энг кўп танлаётган йўналишлар учлигида ҳамон “Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш” йўналиши етакчилик қилмоқда. Бу касбни эгаллашни 76383 киши хоҳлаган. Кейинги ўринларда қайд этилган - “Мактабгача таълим“ йўналишига 74 минг 545 нафар, “Жисмоний маданият“ йўналишига эса 41 минг 352 нафар талабгор ўқиш истагини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, кеча 14 июль кундузги таълим шаклида ўқиш учун ҳужжат қабул қилишнинг сўнгги куни эди. Бугун 15 июль эса – сиртқи таълим шаклига ҳужжат қабул қилишнинг сўнгги куни. Ҳужжат топширишга улгурмаётган абитуриентлар 5 та олийгоҳга онлайн равишда ҳужжат топширишлари мумкин.