Ҳуқуқни ишончли ҳимоя қилиш етук мутахассисларни талаб этади
Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилиниши бизнес субъектларини жадал ва барқарор ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.
Мурожаатномада Президентимиз юртимизда тадбиркорлик нима учун кутилган даражада ривожланмаяпти, деган саволни ўртага ташлади ва бунинг сабабларини келтириб ўтди. Тадбиркорлик субъектларини асоссиз равишда текшириш ҳолатлари кўпайганлигини жиддий танқид қилди. Ноқонуний текширишлар, хусусий бизнес фаолиятига асоссиз аралашишга қарши курашни кучайтириш лозимлигини таъкидлади. Шу мақсадда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги ва уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатиш таклифини билдирди. Шунингдек, текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтиш ва унинг назорати Бош прокуратурага юклатилгани ҳам тадбиркорлар ҳуқуқи ишончли ҳимоя қилинишини таъминлайди. Шу мақсадда Бош прокурор бошчилигидаги назорат қилувчи органлар раҳбарларига ҳар ойда намунали, фаол тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этиб, уларни қийнаётган муаммоларни эшитиш, қонуний фаолиятига тўсқинлик қилаётган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриб бориш вазифаси юклатилди.
Албатта, фуқаролар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш малакали ва етук ҳуқуқшунос кадрларни талаб этади. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида бу масалага ҳам алоҳида эътибор қаратди. Айни пайтда юртимиздаги олий таълим муассасаларига юридик мутахассислик бўйича бир йилда 600 га яқин талаба қабул қилиниши, бу жами олий ўқув юртларига қабул қилинадиган талабаларнинг атиги бир фоизини ташкил этишини айтар экан, давлатимиз ва жамиятимизнинг ҳуқуқшунос мутахассисларга бўлган эҳтиёжини умуман қондирмаслигини таъкилади.
Бу борада Тошкент давлат юридик университетининг ўқув-методик базасини кенгайтириш билан бирга, мамлакатимизда мазкур йўналишдаги йирик ва нуфузли хорижий олий таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш муҳим вазифа этиб белгиланди.
Президентимиз Мурожаатномасидаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, айниқса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада кучайтириш албатта, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади.
Ситора НЕГМАТОВА,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси.