“ҲУРРИЯТ”ДАН БОШЛАНГАН НАШР
Ёхуд Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган газета
Самарқанд матбуотида янгилик юз берди. Вилоятда чоп этиладиган «Зарафшон» газетасининг чиқа бошлаган вақти ўзгарди, яъни бу кун машҳур маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлиги ва муҳаррирлигида чоп этилган «Самарқанд» газетасининг биринчи сони дунё юзини кўрган кунга (1913 йил апрель) тенглаштирилди.
Маълумингизким, «Зарафшон» газетасининг муассислари Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши ва вилоят ҳокимлиги ҳисобланади. Шу боис вилоят Кенгашининг жорий йил ХIV сессиясида депутатлар ушбу қарорни қабул қилишибди. Муборак бўлсин!
Миллат маънавиятини юксалтириш ва юртни мустамлакачилар зуғумидан озод қилиш учун умрини бағишлаган инсонлар – жадид боболар хизмати эътироф этилганидан кишининг боши кўкка етади. Бир оддий тадқиқотчи, қолаверса, шу юртнинг фарзанди сифатида каминада ҳам шундай ҳис-туйғулар жўш урди.
Албатта, таҳририят «Самарқанд» газетаси ҳақида муштарийларга маълумот берган бўлса керак. Лекин Маҳмудхўжа Беҳбудий бу газетани ташкил қиламан дея беш йил мустамлакачилар идоралари остонасида саргардон бўлганлигини барча ҳам билавермаса керак: «1908 йилдан ўз идорасинда бирон газета чиқармоқ фикриға тушуб, 1913 йил апрел ойинда бу мақсадиға етишуб «Самарқанд» газетасининг бир неча рақамини чиқаришга муваффақ бўлғон» (бу ҳақда қаранг: С.Айний. Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари ким эди? // «Меҳнаткашлар товуши» газетаси, 1920 йил 8 апрел).
Мазкур газетани Самарқандда бўлғуси большевик – Морозов томонидан 1904 йилда чиқарилган «Самаркандъ» газетасининг ўзбекчаси деб ҳисоблайдиганлар ҳам йўқ эмас. Аслида бу газеталар бир-бирига мутлақо ўхшамайди.
Ҳатто, тарихда жадидлар ва «морозовчилар» ўртасида гоҳ зимдан, гоҳида ошкора «тўқнашувлар» бўлиб турган. Улардан иккитасини мисол келтирамиз: Бири газетанинг номланиши билан боғлиқ. Архив ҳужжатлари шуни кўрсатадики, Маҳмудхўжа Беҳбудий «Самарқанд» газетаси учун рухсатномани 1913 йил 10 апрелда олади (бу ҳақда қаранг: Ўзбекистон Республикаси Марказий давлат архиви, 18-фонд, 1-рўйхат, 8752-иш). Халқ орасида жадидларнинг бу номда газета чиқаришига «морозовчилар» қаршилик қилганлиги ҳақида гап ҳам бор. Ҳужжатларни ўрганганимизда бу фикрга асос топа олмадик, лекин масаланинг бошқа томони кўзга ташланди. Аниқроқ айтганда, бироз фурсат ўтмай Беҳбудий Самарқанд ҳарбий губернаторига «Янги Самарқанд» («Самарқанди нав – Новый Самарканд») номида газета чиқаришга рухсат сўраб қайтадан ариза ёзади. Тўғрироғи, ариза ёзишга мажбур қилишади. Рухсатномаларни қиёслаганимизда, маълум бўлдики, кейингисида мазкур газетада рус тилида ҳам мақолалар берилиши алоҳида «таъкидланган».
«Русская периодическая печать в Туркестане. 1870 – 1917 гг.» китобида «Маҳмудхўжа Беҳбудий нашр этган бу газета аввал «Самарқанд», бир неча сони чиққач эса (26-,27-сонлардан) – «Янги Самарқанд» номи билан чоп этилди. Бу вақтинчалик ўзгариш газетадан ахборот олишда ҳар хилликка олиб келди. 28-сондан эса яна ўз номини олди», дейилади. Ўз номини қайта тиклаган бўлса-да, энди унда рус тилида мустамлакачилар буюртмаларига асосан мақолалар бериб борилганлигини кўриш мумкин эди.
Иккинчи воқеа 1917 йил ёзида юз беради. Тарихий аҳвол ҳам ўзгача эди - 1917 йил октябригача ҳали тўрт ойча вақт бор, Россияни Муваққат ҳукумат бошқармоқда ва у ўз муаммолари билан овора, Туркистонда эса ҳурлик шабадалари эсиб юрган даврлар. Шу тарихий жараёнда Беҳбудий миллатнинг келажагини ўйлаб янги таклиф билан чиқади: «Биз истаймизки, бутун Руссия мусулмонлари мухторият (федератсия) усули юзасидан тирикчилик қилсунлар... Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда... Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз (парламентаризм) бўлсун» (Баёни ҳақиқат // «Улуғ Туркистон» газетаси, 1917 йил 12 июн).
Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳуқуқлари тенг фуқароли мамлакатнинг думаси ва ундаги аъзолар сонидан бошлаб, маҳаллий ва номаҳаллий аъзолар саноғигача ўз фикрига эга эди. Парламентдаги ўринларни ҳар бир миллатнинг сонидан келиб чиқиб тақсимлайди. Табиийки, туркистонли бўлмаганлар жуда оз жойни олишарди.
Уларнинг орасида, албатта, руслар ҳам бор эди: «Самарқанд шаҳрининг рус ва мусулмон халқидан 60 нафар киши сайланиб балада (шаҳар – Ҳ.С.) идорасиға иш қиладилар ва ул нафарлар, албатта, халқнинг нуфус ва ададиға қараб бўлинур. Масалан, нуфусға тақсим қилганда мазкур ададларни 15 нафари руслардин, бир неча нафари яҳудийлар бўлур. Сабаби шулким, биз кўбдурмиз. Замони ҳозира ва адолат шуни талаб қилур»(«Иттифоқ керак»// «Ҳуррият» газетаси 1917 йил, 3 июн).
Беҳбудийнинг бу таклифига биринчи бўлиб Муваққат ҳукумат «буржуйлари» эмас, «морозовчилар» қарши чиқадилар. Улар Беҳбудийнинг адолатли ҳисоб-китобидан хато топа олмайдилар. Бироқ унинг хулоса ва таклифларини «шошқалоқларча» чиқарилган дея эътироз билдирадилар. Шунингдек, ўзларининг ҳар жиҳатдан устунликларини кўрсатиб, шовинистларча хулоса чиқарадилар: «Мусулмонлар ўзларини бошқаришда ҳали руслардан кўп ўрганишлари керак. Думада ишбилармон, уддабурон, меҳнатсевар кишилар ўтирса, унда турли жамият ва сиёсий гуруҳ талабларини ёқлайдиган кишилар бўлса, шаҳарда ишлар яхши кетади. Бундай гуруҳлар русларда кўп бўлади, мусулмонларда эса бўлмайди... Фикримизча, агар мусулмонлар ва маҳаллий яҳудийлар сайловчиларнинг ярмини юбориб, иккинчи қисмини маҳаллий бўлмаганларга қўйиб беришса иш равнақи учун фойда ва ҳаққонийлик бузилмаган бўлади» (Қаранг: Самаркандъ 27 июня // газета «Самаркандъ», 30 июня 1917 г.).
«Морозовчилар»нинг фикрича, «бир ишнинг уддасидан чиқа олмайдиган», «дангаса» мусулмонлар шу ер учун бегона бўлганларга думадаги 50 фоиз жойни ажратиб беришлари керак, акс ҳолда...
Яна асосий масалага қайтсак. «Зарафшон» газетаси жадид боболар «Самарқанд»ига қай даражада меросхўрлик қила олади?
Аввало, «Зарафшон» газетасининг бугунги мақсадидан келиб чиқадиган бўлсак, у миллий ғоямизга, жумладан миллий истиқлолимиз ғоясининг тарихий кўриниши - жадидлар ғоясига, орзусига ҳамоҳанг эканлигини кўрамиз. Бу ҳуқуқий асос эмасдир, лекин мантиқий асос ҳисобланади. Қолаверса, «Самарқанд» - «Ҳуррият» - Меҳнаткашлар ўқи» - «Меҳнаткашлар товуши» - «Зарафшон» газеталарини бир-бири билан боғлаб турган робита бор. У ҳам бўлса халққа маърифат тарқатиб, миллий озодликка эришиш ғоясидир. Бундан ташқари уларни боғлаб турган шахс (Беҳбудий) ва шахслар гуруҳи (Фитрат, Ҳожи Муин, Саидризо Ализода ва бошқалар) мавжуд. Улар мустамлака байроғининг ўзгариши, унинг натижасида эса газетанинг турли номларда аталишидан қатъи назар таҳририятда қолиб, ўзларининг муқаддас маслаклари – юрт озодлиги учун имконлари доирасида ҳаракат қилиб, шу йўлда жонларини тикиб... қурбон бўлдилар. Бироқ истиқлолга эришгачгина уларнинг юрт олдидаги хизматлари эътироф этила бошланди. «Зарафшон»даги янгилик ҳам ана шу эътирофларнинг биридир.
Шу боис «Зарафшон»чиларнинг, уларни қўллаб-қувватлаган вилоят депутатлари - зиёлиларнинг қарорини дилдан қутлагимиз келди.
Ҳалим САИДОВ
филология фанлари номзоди.