Ибратли воқеа: ​​Ҳисобли дунё

Болакай четга тортиб, бир нарсаларни йиғламсираб шивирлагач, Одилжоннинг пешанаси тиришиб, юзига ташвиш аломати ёйилди. Бир дам серрайиб турди-да, ўғлининг ортидан сой томонга чопди.

– Нима гап, тинчликми? – сўрашди ярим соатлардан сўнг шалвираб қайтган Одилжондан тўйхонадаги қўшнилар.

– Қўйларни ўтлатаётган экан, қўчқоримиз сузишиб, ҳаром ўлиб қопти.

Кимдир астойдил ачиниб, «эссизгина», деди, бошқа биров «келган бало шунга урсин, бошингиз омон-ку», дея тасалли берган бўлди...

Аммо ғалванинг каттаси Одилжоннинг хотини ишдан қайтгач бошланди. Эрига ўткирликда қишлоқнинг пешқадами саналувчи аёл шунақанги тўполон қилдики...

– Ҳалол қўйни нега ҳаром қилиб ўтирибсиз? – чинқирди мол аччиғидан кўзига қон тўлган хотин. – Мана менга ҳалол...

Боягина «қўйим ҳаром ўлди» деган эр пичоқ-болтани кўтариб хотинининг олдига тушди, ёнига онасидан тарсаки еган ўғли ҳам қўшилди.

Алқисса, ўтлоқда ўлик ётган қўчқор хотиннинг амри билан «ҳалолланди». Кўп ўтмай бозорбоп қилиб нимталанган гўшт омбордаги қозиқларда илиниб турарди.

– Икки ярим пудча юк қилди, – деди Одилжон шофёр қўшнисининг енгидан тутиб. – Беш-тўрт кило олиб қолсам бўлар, қолганини бозорга элтиб беринг...

– Йўқ! – чўрт кесди қўшни саркашлик билан бош чайқаб. – Машинам ҳаром бўлади.

Тўйхонадагилар ҳузурида ошкора изза бўлган йигит ерга қаради. Гўшт барибир сотилди. Лекин маҳалла аҳлини бу эмас, Одилжоннинг лопиллаб турган сигири эгиз бузоқни ўлик туққани ҳайратга солганди.

 

Рустамжон УММАТОВ.