Ички ишлар органлари ходимлари ва фахрийларига

Ҳурматли ички ишлар тизими ходимлари!

Қадрли офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар!

Муҳтарам фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни бугунги касб байрамингиз ҳамда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари ташкил этилганининг 30 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини эл-юртимиз тинчлиги ва осойишталигини асрашдек эзгу ва олижаноб ишга бағишлаган сизлар каби мард ва садоқатли, ҳақиқий ватанпарвар инсонлар шаънига самимий тилакларимизни билдирамиз.

Айни пайтда, ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган фидойи ходимларнинг хотирасини чексиз эҳтиром билан ёд этамиз.

Истиқлолимизнинг илк даврида ташкил топган ички ишлар органлари ўтган синовли йиллар давомида машаққатли ва шарафли йўлни босиб ўтиб, халқимизнинг чинакам таянчи ва ҳимоячиси сифатида шаклланди, десак, айни ҳақиқат бўлади.

Сизларнинг мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, жамиятимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасидаги мардона хизматларингизни бутун элимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.

Азиз дўстлар!

Биз ўз фаолиятимизни бошлаган дастлабки кунлардан иккита энг устувор масалага – жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш ҳамда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиб келаётганимиз, албатта, бежиз эмас. Чунки тинчлик ва соғлиқ – бу ҳар бир инсон, бутун халқимиз учун ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган бебаҳо неъматдир.

Шу боис, сўнгги беш йилда ички ишлар тизимини комплекс ислоҳ қилиш, унинг таркибий тузилмаларини оптималлаштириш, қуйи бўғин бўлинмалари натижадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини йўлга қўйиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролар онгида “Қонун – устувор, жиноятга жазо муқаррар” деган ҳаётий тамойилни қарор топтириш бўйича жиддий ўзгаришлар жорий этилмоқда.

Айни пайтда, Ички ишлар вазирлиги марказий аппарати янада оптималлаштирилиб, унинг тузилмалари негизида Тезкор-қидирув, Жамоат хавфсизлиги, Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш, Жазони ижро этиш, шунингдек, Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаментлари ташкил этилгани тизимнинг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятни йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикасини ташкил этиш бўйича мутлақо янги тизим яратилди. Хусусан, ҳар бир маҳалла, оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этишда “фуқаробай”, “оилабай” ва “маҳаллабай” ишлаш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш амалиёти жорий этилди.

Бугунги кунда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларимиз билан манзилли ишлашни ташкил этиб, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ички ишлар тизими ходимлари ҳам муҳим ҳисса қўшмоқда.

“Хавфсиз маҳалла” ва “Хавфсиз ҳудуд” тамойиллари асосида ички ишлар органларининг Миллий гвардия ва маҳалла жамоатчилиги билан ҳамкорликдаги ишлари қисқа вақт ичида ўзининг ижобий натижасини бераётгани биз учун катта аҳамиятга эга.

Ҳудудлардаги криминоген вазиятни чуқур таҳлил қилиш, жиноятларнинг динамикаси ва содир этилишига таъсир қилаётган омилларни аниқлаш ва “илмий диагноз” қўйиш орқали жиноятчиликни прогнозлаш ва унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Биз янги тарихимизда илк бор ёшлар орасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини илмий асосда мактаб остонасидан, болаларнинг ҳуқуқий-психологик тарбиясидан бошладик. Шу мақсадда жорий йилда тизимга 1 минг 100 нафар инспектор-психологлар ажратилди. Келгуси йилда бу кўрсаткични 2 минг нафарга етказамиз. Бундан кўзланган мақсадимиз – фарзандларимизни мактаб ёшидан бошлаб қонунга ҳурмат руҳида камол топтиришдан иборат. Ишонаманки, бу вазифани аъло даражада бажарамиз.

Ҳудудий бўлинмаларнинг тезкорлигини ошириш ва уларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш учун соҳага 2016-2021 йилларда қўшимча 3,5 мингга яқин янги транспорт, 16 мингдан ортиқ махсус ва техник воситалар ажратилди.

Мутахассислар тайёрлашнинг мутлақо янги тизими йўлга қўйилиб, ходимларнинг малакасига қараб хизмат бўйича ўсишини таъминлаш, шунингдек, раҳбарларнинг профессионал салоҳиятини ошириш борасида тизимли чоралар кўрилмоқда. Ички ишлар вазирлиги Академиясида бакалавриат ва магистратурани ўз ичига оладиган икки босқичли замонавий олий таълим тизими, ўқув жараёнига назария билан амалиёт уйғунлигини таъминлаш учун янги таълим механизмлари жорий қилинди.

Янги ташкил этилган Жамоат хавфсизлиги университетида ички ишлар соҳаси учун ҳам етук кадрларни тайёрлаш жараёни бошланди. Ходимларни хизмат даврида узлуксиз ўқитиш учун илк бор Малака ошириш институти очилиб, замонавий ёндошувлар асосида масофавий ва мобиль сайёр курсларни ўтказиш амалиёти жорий этилди.

Тажриба алмашиш, ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, ходимларни ўқитиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида жаҳоннинг 29 та давлати ҳуқуқ-тартибот идоралари билан эришилган икки томонлама халқаро келишувларга мувофиқ амалий ишлар олиб борилмоқда.

Фидойи ходимларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича салмоқли ишлар қилинди. Ўтган беш йил мобайнида 500 дан ортиқ ички ишлар ходимлари ва ҳарбий хизматчилари давлат мукофотлари билан тақдирланди.

Хизмат хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, алоҳида шароитларда ўз вазифаларини бажарувчи 25 мингдан ортиқ ходимларнинг ойлик маошларига устама ҳақлар белгиланди. 7 246 нафар ходимлар хизмат уйлари билан таъминланди, шунингдек, имтиёзли ипотека кредити асосида қурилган кўпқаватли уйлардан 2 минг 300 га яқин хонадонлар ажратилди.

Ҳурматли соҳа вакиллари!

Айни пайтда, глобал дунёдаги шиддат билан ўзгариб бораётган ижтимоий-сиёсий вазият соҳа фаолиятини замон талабларига мос равишда мутлақо янгича усулларда ташкил этишни тақозо этмоқда.

Шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатини кучайтириш, суриштирув ва тергов фаолиятини адолатли, холис ва ҳаққоний олиб бориш бўйича самарали механизмларни жорий этиш, киберхавфсизликни таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича изчил иш олиб боришимиз лозим.

Соҳага илғор тажрибалар ва иш усулларини, инновацион-рақамли технологияларни кенг жорий этиш, ходимларнинг интеллектуал ва касбий салоҳияти, маънавий-маърифий савияси, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш, уларнинг машаққатли ва фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш талаб этилади.

Мухтасар айтганда, ички ишлар органларини аҳолига ва ҳар бир оилага янада яқинлаштириш, бу тизимни чин маънода халқчил тузилмага айлантириш борасидаги ислоҳотларимизни бундан кейин ҳам изчил давом эттирамиз.

Мен Янги Ўзбекистоннинг ички ишлар органлари ходимлари – Ватанимизнинг асл ўғлонлари сифатида замонавий билимларни эгаллаган, маънавий ва маърифий дунёси бой, ҳар қандай хавф-хатарга қарши матонат билан курашишга тайёр халқимизнинг чин маънодаги ҳимоячилари эканингизга қатъий ишонаман.

Сизларни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, оилаларингизга файзу барака, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти