Ички ишлар тизимида 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, 16 таси интизомий жавобгарликка тортилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди.

Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Йиғилишда  Андижон шаҳар ва Чироқчи тумани ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши кераклиги қайд этилди.

➖ Ҳозирда жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бермоқда. 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилди, яна 16 таси интизомий жавобгарликка тортилди, - деди президент.