Ички ишлар ходимларини чалғитмоқчи бўлган шахсларнинг сири очилиб қолди

Айни вақтда ички ишлар органлари ходимлари томонидан коронавирус инфекциясининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Инфекциянинг тарқалиб кетишига қарши ҳар бир вилоят, туман, шаҳарларнинг кириш чиқиш қисмларида блок-постлар ташкил этилган.

Хусусан, Ғаллаорол тумани ҳудудида жойлашган “Сангзор-15” блок-постида ҳам карантин қоидаларининг амал қилиниши билан боғлиқ профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Шундай шароитда фуқаролардан сўраладигани уйида қолиши ва белгиланган қоидаларга амал қилиш, холос. Бироқ карантин қоидаларини менсимасдан, ички ишлар ходимларига чап бериб, жиноят кўчасига кириб қолганлар ҳам афсуски йўқ эмас.

Демоқчи бўлганимиз, Ғаллаорол тумани ички ишлар бўлими ходимлари “Сангзор-15” постида “Жиззах-Самарқанд” йўналишида ҳаракатланиб келаётган, Шароф Рашидов тумани, Самарқанд маҳалласида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган Л.Б. бошқарувида бўлган “HYUNDAI PORTER II” юк автоуловини тўхтатиб текширилганда, 46 дона полиэтилен қопларда ҳужжатларсиз, 2300 килограмм “Аммофос” минерал олиб кетилаётгани аниқланди.

Фуқаро Л.Б. ички ишлар ходимларига минерал ўғитни Тошкент вилояти, Бекобод туманидаги савдо дўконидан харид қилганини билдирди. Харид чеклари яшаш уйида қолганлиги ҳақида кўрсатма берди.

Ушбу ҳолат бўйича вилоят ИИБ ЖҚБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан терговга қадар текширув ишлари ўтказилганда бир қанча қонунбузилиш ҳолатлари юзага чиқди.

Яъни, фуқаро Л.Б. минерал ўғитнинг 12 та қопини Шароф Рашидов тумани, Самарқанд маҳалласида истиқомат қилувчи 1992 йилда туғилган “Барака Русланбек” фермер хўжалиги раиси А.Р.дан сотиб олган.

Суриштирув давомида юк машинасидаги 1400 килограмм минерал ўғит Жиззах шаҳар, Олмазор маҳалласида истиқомат қилуви М.С.га тегишли эканлиги маълум бўлди.

Фуқаро М.С. ушбу минерал ўғитларни Пахтакор туманидаги “Бирлик учқуни” ҳамда “Фаррух пахта-ғалла” фермер хўжалиги раисларидан харид қилган.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳолат юзасидан вилоят ИИБ ЖҚБ томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.