ИИВ фуқароларни интернет фирибгарларидан огоҳлантирди
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда баъзи фуқаролар интернетда фирибгарликнинг ноодатий турига дуч келяпти.
Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, кейинги пайтларда фуқаролар томонидан порнографик фото ва видео маҳсулотларни тарғиб қилувчи интернет ресурсларидан фойдаланиш жараёнида, бошқа шу каби ресурсларга автоматик тарзда ўтиб кетиш оқибатида “Ўзбекистон Республикаси ИИВ Кибержиноятларга қарши кураш бўлимидан билдиришнома” сарлавҳаси остида маълумот сизиб чиқяпти.
Унда фойдаланувчининг тақиқланган сайтларга киргани сабабли гўёки, ИИВ томонидан у 200 минг сўм (айрим ҳолларда 300 минг сўм) миқдорида жаримага тортилгани ва “Webmoney” электрон тўлов тизими орқали давлат ҳисобига тўловни амалга ошириши лозимлиги айтилади. Фойдаланувчи жаримани тўламаса, қурилмада сақланган контактларга фойдаланувчининг порнографик фото ва видео маҳсулотлар жойлаштирилган интернет ресурсларидан фойдалангани ҳақида ҳодиса баёни ҳамда фойдаланувчига жаримани тўлаш талаби билан SMS хабар юборилиши билан таҳдид қилинади. Шу билан бирга, фойдаланувчиларнинг интернет веб-браузери блокировка ҳолатига тушиб қолади.
ИИВ таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қилди:
– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги таркибида “Кибержиноятларга қарши кураш бўлими” номи билан фаолият юритувчи бўлим ёки бўлинма мавжуд эмас;
– “Webmoney” тўлов тизимида Ўзбекистон Республикаси ИИВ таркибий ва ҳудудий тузилмалари электрон ҳамёнларига эга эмас.
“Шунга мувофиқ, фуқароларимизни интернет тармоғидан фойдаланаётганда бу каби салбий ҳолатларга дуч келмаслиги учун фирибгарларнинг алдовига ишониб қолмасликка чақирамиз”, дея огоҳлантирган ИИВ.
Таъкидланишича, бугунги кунда юқорида таъкидлаб ўтилган ҳолатлар юзасидан суриштирув ишлари олиб бориляпти.
Аввалроқ, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси СМС хабарнома орқали фирибгарик қилиш оммалашаётгани ва ундан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирганди.