Ижодий танловнинг энг ёш қатнашчиси 2-ўринни қўлга киритди

Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан мактаб ўқувчилари ўртасида “Хотира муқаддас -  инсон азиз!” номли ижодий ишлар танлови эълон килинган эди.

Ғалабанинг 75 йиллиги арафасида мактаб ўқувчилари томонидан 3 мингга яқин видероликлар келиб тушди. Мазкур ижодий ишлар карантин даврида ўқувчилар томонидан тайёрланган. Ижодий ишлар соҳа ходимлари томонидан холисона баҳоланиб, ғолиблар 1-4, 5-8, 9-11-синфлар кесимида аниқланди.

Самарқанд шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг 1-синф ўқувчиси Элшод Дўстмуродов танловнинг энг ёш иштирокчиси сифатида қайд этилди. Унинг танловга юборган видеоролиги 2-ўринга муносиб, деб топилди.

Видеороликда Элшод “Инсон номи сарбаланд” номли шеърини Мотамсаро Она ҳайкали пойида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ёд ўқиган. У ҳайкал пойига гуллар қўйган ва Хотира китобидан бобосининг номини ахтарган.

Танлов ғолиблари карантиндан сўнг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Жавоҳир ҲУСАНОВ