Ижодкорлар мактабда, хўш, уларнинг вазифаси нимадан иборат?

Республиканинг барча умумий ўрта таълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозими жорий этилди. Бу Президентимизнинг шу йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан белгиланди.

Қарорда ҳар бир умумий ўрта таълим муассасаларида жорий этилган ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини молиялаштириш учун 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 0,5 штат бирлиги ажратилиб, унинг иш ҳақи миқдори умумтаълим муассасаси олий маълумотли ўқитувчиси учун базавий тариф ставкаси миқдорида белгиланган.

Табиий савол туғилади. Мактабларга жалб қилинган ижодкорларнинг вазифалари нималардан иборат?

- Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар ёш авлодни маънан баркамол этиб тарбиялашда, мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларнинг ижодий ишларини кенг жамоатчиликка етказишга кўмаклашади.

- Турли викториналар, мушоиралар, адабий кечалар, қизиқарли дарслар, китобхонлик ва шеърхонлик танловларини ташкил этади.

- Мактаб ўқитувчилари ва фаол ўқувчиларни иштирокида ўқув масканининг электрон сайтида мактаб ҳаётидан қизиқарли мақолалар чиқариб боради, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил этади.

Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятдаги 1255 та умумий ўрта таълим мактабларига Ўзбекистон Ёзувчилар ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмалари вилоят бўлимларининг тавсияси билан шоир, ёзувчи, журналистлар ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи сифатида ишга жалб қилинмоқда, улар жойларда тарғибот ишларини олиб бормоқда.

Шунингдек, мактабларга вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тавсия этилган она тили ва адабиёт ўқитувчилари ҳам бириктирилмоқда. Бундан ташқари, телеграмда “Тарғиботчилар” канали ва гуруҳи очилган бўлиб, унда барча ижодкорлар мактабдаги ўз фаолияти хақида маьлумотлар билан ўртоқлашади.

Аммо баъзи мактаб директорлари Президетимизнинг қарорларини ўқимаган шекилли, ижодкорларини сарсон қилган ҳолда ўз ўқитувчисини ишга олиш билан овора. Шу каби мурожаатларни вилоят халқ таълими бошқармаси, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими билан қўшма қарор имзоланмоқда, ташкилотлар масъуллари билан биргаликда юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш чораси кўрилади. Тарғиботчилар иши мониторинг қилиб борилади.

  Холбўта Хўжанов,

мониторинг гуруҳи аъзоси.