“Ижтимоий кўча” қачон ташкил этилади?

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай ва тўсиқларсиз ҳаракатланишлари учун ҳар бир туман-шаҳарда биттадан “ижтимоий кўча” ташкил қилиш керак.
Бу топшириқ давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йил 13 декабрь куни ўтказилган йиғилишда берилган.
Топшириққа кўра, “ижтимоий кўча”лар 1 августга қадар фойдаланишга топширилиши керак. Бироқ бу борада фақат Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Жомбой туманида зарур юмушлар бошланган.
Хусусан, “Ижтимоий кўча” ташкил этиш бўйича қурилиш-пудрат тармоқ жадвали, лойиҳа смета ҳужжжатлари ишлаб чиқилиб, молиялаштириш манбаларига аниқлик киритилган.
Бошқа бирорта ҳудудда шаҳарсозлик норма ва қоидалари талаблари асосида “ижтимоий кўча”ларни ташкил этиш ишлари бошланмаган.
Ваҳоланки, мазкур масала жорий йилнинг 7 март кунги вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида муҳокама қилиниб, туман-шаҳар ҳокимликларига аниқ топшириқлар берилган.
Шу ҳафтада ўтказилган аппарат йиғилишида мутасаддиларга Президент қўйган талабни бажариш яна бир марта эслатилди.