Ижтимоий хизматдаги фидойилик Президент томонидан эътироф этилди
Булунғур туманида яшовчи Шоира Мусурмонова 16 йилдан буён ўзгалар парваришига муҳтож, ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиб келади.
У 2023-2024 йилларда Булунғур туманидаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказида ижтимоий ходим ассистенти бўлиб ишлаган бўлса, ҳозирда Гулистон маҳалласида ижтимоий ходим сифатида фаолият юритмоқда.
- Турли ташкилотларда ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида ишлаганман, - дейди Ш.Мусурмонова. - Рости, авваллари бу соҳада маълум бир тизим асосида иш кетмасди. Масалан, ногиронлиги бўлган шахсларга зарур воситалар ўз вақтида етказиб берилмас, одамлар томонидан протез-ортопедия маҳсулотларининг сифатсизлигидан кўп эътирозлар бўларди.
2023 йилда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда унинг негизида республика “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ва ҳудудлардаги бўлимлари ташкил этилди. Шундан сўнг соҳада тизимли ишлар йўлга қўйилди.
Жумладан, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига зарур техник реабилитация воситалари ўз вақтида етказиб берилиши, ижтимоий ходимлар орқали уйма-уй хизмат кўрсатиш амалиёти жорий қилинди. Бугунги кунда Гулистон маҳалласидаги ўнлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга дори-дармон олиб бериш, давлат хизматларидан фойдаланишда кўмаклашиш, турмушда учрайдиган қийинчиликларни енгиб ўтишларида ёрдам бериб келяпман.
Шоира Мусурмонованинг саъй-ҳаракати билан Гулистон маҳалласидаги 22 нафар фуқарога ногиронлик гуруҳлари белгиланган, 6 нафар шундай тоифадаги фуқаро ишга жойлаштирлиб, 11 нафар 80 ёшга тўлган кексаларга белгиланган тартибда амалий ёрдам кўрсатилган.
Шунингдек, ота-онаси миграцияга кетган вояга етмаган 28 нафар болага васийлик ва ҳомийлик белгиланган. Бундан ташқари, унинг ташаббуси билан "Саховат ва кўмак" жамғармаси маблағлари ҳисобидан 15 нафар шахсга дори-дармон, тиббий даволаниш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги арафасида Шоира Мусурмонованинг кўп йиллик фидокорона меҳнатлари эътироф этилди ва а у "Шуҳрат" медали билан тақдирланди.
– Бу мукофотни нафақат ўзим, балки кўп йиллар давомида бирга ишлаган ҳамкасбларим, маҳалламиз фаоллари ва ижтимоий ёрдамга муҳтож кишилар билан бирга қабул қилдим, – дейди Ш.Мусурмонова. – Ушбу эътироф мен учун шараф ва шу билан бирга масъулият дегани. Ижтимоий хизмат орқали жамиятдаги ҳар бир шахс ўзини эътибор ва ғамхўрлик ичида ҳис қилади. Шу боис давлатимиз раҳбари бу соҳадаги ислоҳотларни доимий равишда қўллаб-қувватлаб, уни замон талабларига мос равишда йўналтириб келмоқда. Мен бу имкониятдан фойдаланиб, билдирилган ишончни оқлаш ва халқимизни рози қилиш учун ҳаракатдан тўхтамайман.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.