«Икки тил ва бир касб». Бу тўгараклар Оқдарё мактабларида қандай ишлаяпти?

Оқдарё тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-тур иштирокчилари  ушбу тамойил бўйича тажриба асосида иш бошлаган 32-умумтаълим мактабидаги янги тўгараклар фаолияти билан танишди.

Ўтган йили Президентимиз тумандаги 32-умумтаълим ўрта мактабига ташриф буюриб, ўқувчиларнинг хорижий тиллар ва касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш бўйича тажриба асосида тўгараклар ташкил этиш зарурлигини таъкидлаб ўтган эди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Чарос Ортиқова. – Шу мақсадда мазкур мактабда ёғоч ўймакорлик, сантехниклик, қандолатчилик, автоэлектрик, фото ва видеомонтаж дизайнерлик иши каби 15 та касб-ҳунар тўгараклари иш бошлади. 200 нафарга яқин юқори синф ўқувчиларини қамраб олган тўгаракларда ишлаб чиқилган маҳсулотлар аллақачон бозорларни эгаллаган. Жорий йилдан бошлаб яна 4 та мактабда тил ва касб ўргатиш борасида тўгараклар ташкил этганмиз. Имкониятдан келиб чиқиб, тажриба синов-тариқасида тикувчилик, дурадгорлик каби касб-ҳунар устахоналари ва шохобчалари фаолият бошламоқда. Ўзига хос тажрибанинг аҳамиятли томони, ўқувчи-ёшлар битирув остонасига етгунича ўз лаёқати ва қизиқишига қараб бир касбни этагидан ушлаб бормоқда.   

Мактабда 15 та тўгаракдан ташқари яна "Ахборот коммуникация технологиялари" тўгараги ҳам иш бошлаган. Тажрибали АКТ дастурчи Б.Ўтамуродовнинг шогирдлари аллақачон ўзлари ишлаган лойиҳаларни ҳамкор компанияларига тақдим этмоқда. 

- Мактабимиздаги тўгаракда компьютерда дастурлашни ўрганяпман, - дейди 10-синф ўқувчиси Ш.Абдусаломова. – Устозим ёрдамида бир қатор дастурларни тайёрлаб, турли компанияларга жўнатгандим, уларга қизиқувчилар пайдо бўлди. Ҳозирда кичик–кичик ишларим учун ойига 1 миллион сўмгача пул ишлаб топиб оиламиз бюджетига ўз ҳиссамни қўшиб келяпман. Тўғри, ҳозир тажрибам у қадар катта эмас, лекин келажакда бемалол бундан ҳам кўпроқ пул ишлаб топса бўларкан.     

Сандал ишлаб чиқариш тўгарагига қўшни мактаблардан ҳам келувчилар бор экан. Ўқувчилар томонидан тайёрланган 50 га яқин фойдаланиш учун қулай ва хавфсиз бўлган хонтахта ва электр сандаллар омборхонада ўз харидорларини кутмоқда.

Мактаб директори Р.Худойбердиевнинг айтишича, ўқувчилар ясаган электр сандалларга талаб кучайиб, уларнинг биттасини бозорда 700 минг сўмдан сотилаётган экан. Олинган даромад мактабнинг спорт залини инвентарь ва жиҳозлар билан тўлдириш учун сарфланаётган экан.

2024 йилнинг январидан бошлаб яна 4 та мактабда тикувчилик, каштачилик, сартарошлик, акфа ромларини ясаш каби ҳунар ҳамда қўшимча француз тили ўргатиб борилмоқда.

- Дарслардан кейин қўшимча хорижий тил билан бирга касб-ҳунарни ўргатиб боришимиз ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам маъқул келяпти, - дейди 30-умумтаълим мактаби директори Абдураҳмон Асроров. – Улар болаларини тўгаракка ўзлари етаклаб келишмоқда. Қизларимиз асосан қандолатчилик ва тикиш-бичиш, ўғил болалар эса сартарошлик, дурадгорлик йўналишида касб ўрганишмоқда. Келажакда тўгараклар сонини 10 тага етказишга ҳаракат қиламиз. 

Туман ҳокимлиги туман мактаб ва мактабгача таълим бўлими билан келишган ҳолда жорий йил сентярь ойидан бошлаб яна 12, 20, 25, 54, 56- умумтаълим мактабларида ҳам хорижий тил ва касб ўрганиш бўйича тўгараклар ташкил этилади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.