Имом Бухорий мажмуасида замонавий меҳмонхоналар қурилади

Пайариқ туманининг туристик салоҳияти юқори бўлган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси атрофини ободонлаштириш ва ташқи кўринишини замонавийлаштириш асосида қайтадан ишлаб чиқилган бош режага асосан, инвесторларнинг маблағлари ҳисобидан замонавий меҳмонхоналар қуриш учун 30 гектар ер майдони ажратилиб, бу ерда 7 та меҳмонхона қурилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Пайариқ тумани ҳокимининг ўринбосари Рашид Ниятов маълум қилди.

Жумладан, АҚШлик инвесторлар томонидан “Ҳалол” стандартларига асосланган мехмонхона қуриш учун «GMFR-Al Buhariy» хориж корхонасига 1 гектар ер майдони ажратилиб, қурилиш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, мажмуа ёнидаги 12 гектар ер майдонида савдо маркази, 2 та чойхона, супермаркет, миллий таомлар ошхонаси, миллий ҳунармандчилик буюмлари сотиш дўконлари, бозор, ҳаммом, болалар ўйингоҳи, ҳамда автотураргоҳ қурилади. Ҳозирда сайёҳларга муносиб шароит яратиш учун шу маҳаллада 16 меҳмонга мўлжалланган битта меҳмон уйи фаолият бошлади. Ташаббускор “Zebo-F” масъулияти чекланган жамияти томонидан давлат-хусусий шерикчилик асосида туристик ахборот маркази фаолияти йўлга қўйилди.

Мажмуа атрофидаги қурилиш ишлари якунлангач, сайёҳлар учун замонавий туризм комплекси яратилади.