Индонезияда Исломни тарғиб қилган самарқандлик аллома

Вилоят ахборот-кутубхона марказида тарихчи олим Комилхон Каттаевнинг янги китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фондининг грант лойиҳаси доирасида чоп этилган “Чокардизадаги Ҳанафия мазҳабининг буюк имомлари ва олимлари” ва “Ҳазрати Руҳобод шайх Бурҳониддин Соғаржий ва Иброҳим ас-Самарқандий тарихи” китоблари китобхонлар учун яхши туҳфа бўлди.

Комилхон Каттаев Самарқанд алломалари ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги 70 га яқин китоблар муаллифи. Олимнинг илмий тадқиқотларида тарихий шахслар ва жойларни тадқиқ этишда манба билан ишлаши диққатга сазовор. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов, “Овози Самарқанд” газетаси муҳаррири Баҳодир Раҳмонов ва тарихчи олим Муҳаммадихон Бузруковлар ушбу китобларнинг айни шу жиҳатларни эътироф этди. 

- Комилхон тадқиқотларида ҳар бир маълумотга, аввало, шубҳа назари билан қарайди, бу чин олим учун энг муҳим хислат, - дейди маориф фахрийси Абдумалик Мажидов. – Аслида бу каби тадқиқотлар кишидан катта меҳнат ва сабр-тоқат талаб қилади, айниқса, буюк алломалар ҳақида ҳеч қаерда айтилмаган, илк маълумотларни тақдим этиш бу катта масъулият.

Ушбу рисолада XIII аср охири ва XIV аср бошларида Индонезия, Вьетнам ва Ҳинди-хитойда ислом дини ва тасаввуф тарғиботи билан ном қозонган Шайх Бурҳониддин ибн Алоуддин Соғаржий ҳамда алломанинг Шарқда ислом тарғиботини давом эттирган авлодлари ҳаёти ва фаолияти тадқиқ этилган.