Ингичка қўрғончасида аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди

Самарқанд давлат тиббиёт университети томонидан вилоятнинг чекка ҳудудларида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шундай тадбирлардан бири Каттақўрғон туманидаги Ингичка қўрғончасидаги 3-сон оилавий поликлиникасида ташкил этилди. Унда университетнинг тажрибали профессор-ўқитувчилари ҳамда университет клиникаларининг малакали шифокорларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан аҳоли учун бепул чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди.

Тиббий кўрикларда невролог, офтальмолог, акушер-гинеколог, онколог, терапевт, педиатр, тиббий генетика ва бошқа йўналишларда фаолият юритувчи 20 га яқин тор соҳа мутахассислари  иштирок этди. Фуқаролар саломатлиги ҳолати батафсил текширилиб, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Тадбир давомида жами 510 нафардан ортиқ аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди. Кўриклар жараёнида 170 нафарга яқин фуқарода турли касалликлар ва саломатлик билан боғлиқ муаммолар аниқланди. Улар орасида қон босими кўтарилиши, юрак-қон томир, неврологик, кўз касалликлари ҳамда аёллар саломатлиги билан боғлиқ ҳолатлар кўпчиликни ташкил этди.

Аниқланган касалликлар бўйича мутахассислар томонидан бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилди, зарур лаборатор ва инструментал текширувлар тавсия этилди. Шунингдек, мураккаб касаллиги мавжуд беморларга Самарқанд давлат тиббиёт университетининг клиникалари ҳамда ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларига даволаниш учун йўлланмалар берилди.

Айниқса, кекса ёшдагилар, имконияти чекланган фуқаролар, аёллар ва болаларнинг саломатлигини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқароларга соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш тарғибот ишлари ҳам ўтказилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай тиббий кўрикларнинг асосий мақсади аҳолига қулай ва сифатли тиббий хизматни янада яқинлаштириш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда фуқароларнинг тиббий маданиятини оширишдан иборат.