Ингичкада МДҲ давлатлари ичида ягона фабрика ишга тушди
Автомобилсозлик, космик материаллар ишлаб чиқариш, электроника, замонавий тиббий ва ва бошқа кўплаб соҳалардаги жиҳозларни тайёрлашда муқобили йўқ бўлган хомашё – вольфрам ишлаб чиқариш саноқли давлатлардагина йўлга қўйилган.
Уларнинг бири Каттақўрғон шаҳрининг Ингичка қўрғончасида жойлашган. Дунё бозорида бир килосининг нархи 50 доллардан юқори бўлган ҳамда зичлиги ва ноёблиги жиҳатидан олмосдан кейинги ўринда турадиган вольфрамсиз бугунги замонавий саноатни тасаввур қилиб бўлмайди.
Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида мазкур ишлаб чиқаришнинг иккинчи навбатини ишга тушириш тадбири тантанали маросимга айланиб кетди. Чунки узоқ йиллар тўхтаб қолган корхона ниҳоят янги қувват ва куч билан тиклангани ингичкаларни иш билан таъминлагани учун ҳақиқий байрамга уланди.
Гап шундаки, ўтган асрнинг 70-йилларида Ингичка йирик руда қазиб олувчи конлари ва қайта ишловчи фабрикаси билан машҳур бўлган. Аммо орада мазкур конларнинг ишлаш режими анча пасайиб, ишлаб чиқариш деярли тўхтаб қолди. Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан 2022 йилда бу ерда конлар фаолияти ва ишлаб чиқариш катта миқёсда иш бошлади. Бугун лойиҳанинг иккинчи – қайта ишлаб чиқариш навбати ишга туширилди. Фабрикани лойиҳалаштириш ишлари комбинатнинг лойиҳа ишлари бошқармаси томонидан, технологик ускуналарни ўрнатиш ва биноларни реконструкция қилиш ишлари “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан амалга оширилди.
Унинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Шукуров, Каттақўрғон шаҳар ҳокими Гавҳар Алимова ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур лойиҳанинг давлат, жамият ва аҳоли учун аҳамиятига тўхталиб ўтди.
- Фабрикада жами 9 турдаги 43 та янги технологик ускуналар ўрнатилган, кимё лабораторияси, таҳлил лабораторияси, бойитиш тажриба цехи, маиший бинолар қуриб битказилди, - деди Олмалиқ кон-металлургия комбинати бошқаруви раиси ўринбосари Зоҳид Ишмуҳаммедов. - Лойиҳага кўра, фабрикада Ингичка вольфрам конининг 12 миллион тоннадан зиёд техноген чиқиндилари қайта ишланади. Фабриканинг иккинчи навбати тўлиқ ишга тушгач, йилига 85 тонна вольфрам концентрати олинади.
2022 йилда ушбу лойиҳанинг I босқичи ишга туширилиб, йилига 100 тонна вольфрам концентратини олиш йўлга қўйилган ҳамда 82 та янги иш ўрни яратилган эди. Бунинг натижасида 2023 йилда 5,7 млрд. сўмлик 100 тонна вольфрам концентрати олинди. 1,8 миллион долларлик қўшимча экспортбоп 27 тонна вольфрам штабиклари тайёрланди. Маҳаллийлаштириш дастури доирасида вольфрам таркибли 27,9 млрд. сўмлик 36 тонна қаттиқ қотишмали композит маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Навоий кон-металлургия комбинати ва «Ўзметкомбинат» акциядорлик жамияти ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибий бўлинмаларига етказиб берилди.
Фабриканинг иккинчи босқичи ишга тушиши натижасида йилига жами 185 тонна вольфрам концентрати ишлаб чиқариш таъминланади. Қўшимча маҳсулот ҳажми 16,24 миллиард сўмни ташкил этади.
- Эндиликда “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Ингичка бойитиш фабрикаси”нинг ишга тушиши натижасида 120 та янги иш ўрни яратилди, - дейди фабриканинг ишлаб чиқариш бўлими раҳбари Фарҳод Шоназаров. – Илгари вольфрам рудадан олинган бўлса, бугун технологиялар янгиланиб, “Ўзбекистон технологик металлар комбинати”да олиб борилган қатор тадқиқотлар натижасида чиқиндидан вольфрам олиш ишлари амалга оширилмоқда. Ингичкадаги ушбу фабрикада техноген чиқиндидан 40 фоизгача бўлган вольфрам қотишмаси олинади ва у комбинатда яна қайта ишланиб, тўлиқ ҳолатга келади. Айтиш керакки, мазкур фабрикадаги концентрат дунёдаги энг тозаларидан бири саналади ва дунё бозорида ўз баҳосига эга. Шунинг учун ушбу маҳсулотнинг 95 фоизи хорижга экспорт қилинади.
Мазкур фабрикада, шунингдек, маъмурий бинолар, ошхона, лабораториялар тўлиқ реконструкция қилиниб, анжуманда ушбу реконструкция ишларида жонбозлик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар тақдирланди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.