Инсофинг борми, ноинсоф?

Халқимиз орасида “Дунёни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам инсон, инсонни одам қиладиган инсоф!”, деган ҳикмат бор. Баъзан инсоф ҳақида гапирамизу, лекин унинг нима эканлигини унутиб қўямиз.

Менимча, инсоф – ҳаддан ошмаслик, шукр қилиш, қаноатли бўлиш... Афсуски, орамизда бу тушунчалардан йироқ ноинсоф кимсалар ҳам учраб туради. Келинг, бу ҳақда фикрлашишдан аввал ўзим кузатган бир ҳолатга эътиборингизни қаратсам.

"Сайёр қабулда муаммо осон ҳал бўлади-да. Ҳар сафар ҳоким қабулига кириб, масалани шартта айтаман, шу ернинг ўзида масъул раҳбар муаммодан хабардор қилинади ва масала тезда кўриб чиқилади".

Машинага ўтирганимдан сўнг ўрта ёшлардаги йўловчининг суҳбатдошига айтган бу гапи қулоғимга қўнғироқдай чалинди.

- Бугун нима масалада мурожаат қилдингиз? - сўради йўловчи шеригидан.

- Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ер сўрагандим, 10 йилга 15 сотих ер аукцион орқали ижарага бериладиган бўлди.

- Ҳа, яхши бўлибди. Эндиги қабулда нима сўрамоқчисиз?

- Хабарингиз бор, уйимда ёнғин чиққандан кейин болаларим билан бир уйда туриб қолдик. Шунга ўзимга шинамроқ бир уй қуриб беришса, яхши бўларди.

Манзилга келгунча ҳокимга мурожаат қилган амаки

муаммоларини айтиб нолиб келди. У таксидан тушгач эса суҳбатдоши гап бошлади.

- Бу киши бизнинг маҳалладан, яхши танийман. Ишлайман, деса иш кўп, лекин ҳеч қаерда ишламайди. Қачон қараса, ҳокимиятни эшигида бир муаммоси билан турган бўлади. Тўғри, яқинда уйида ёнғин чиққанди, ҳокимият уйини таъмирлашда ёрдам қилди. Қийналиб қолишмасин, деб фарзандининг контрактини тўлаб, соғин сигир ҳам олиб беришди. Бироқ бу одамнинг муаммоси тугамайди. Борди-ю, бирор мурожаати рад этилса, бормаган жойи қолмай оламга жар солади.

Маҳалладагиларнинг ҳам энсаси қотган. Ҳозир сайёр қабулда иш топиб берилса ҳам ишламайди, қачонгача давлат ёрдам беради, ҳар йили ёрдам берасизлар, нега ишламайди, тўрт мучаси соғ бўлса, бераверсангиз еб ётаверади-да, ўзига эса "Инсофинг борми, ноинсоф!" қабилидаги гаплар кўп бўлди. Аммо, қайда...

Инсофсиз раҳбар, инсофсиз сотувчи, инсофсиз солиқчи, инсофсиз МИБ ходими... Бу рўйхатни хоҳлаганча давом эттириш мумкин. Аслида айрим одамларнинг давлатдан, ҳокимиятдан шахсий манфаат илинжида ўзини ҳар кўйга солиб, турли нарсалар талаб қилиши, берилган ёрдамга қаноат қилмай, тўрт мучаси соғ бўлиб, ҳам ўзини бечора кўрсатиши ноинсофлик эмасми? Кўнгилни хира қилувчи бундай ҳолатларни кузатиб, ёқасини тутади одам. Наҳотки, ориятдан, андишадан узоқлашиб кетдик.

Фазлиддин Рўзибоев.