Самарқанднинг сайёҳлик объектларида хавфсизлик қандай таъминланяпти?
Вилоят Матбуот уйида ташкил этилган анжуманда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи Илҳом Исмоилов тарихий-меъморий ёдгорликлар, зиёратгоҳ ва қадамжоларда фавқулодда ҳолатлар содир бўлганда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш борасида яратилган шароитлар, қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
- Вилоятимиздаги тарихий обидаларда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни тезкор бартараф этиш асосий вазифаларимиздан бири саналади,- деди И.Исмоилов. – Айни пайтда Имом Бухорий мажмуасида алоҳида ёнғин-қутқарув қисми фаолият олиб боряпти, Самарқанд туристик марказида вазирлигимиз томонидан махсус ихтисослаштирилган ёнғин-қутқарув отряди тузилмоқда. Марказда кўп қаватли меҳмонхоналар, Конгресс-Холл ва “Абадий шаҳар” мемориал мажмуасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий автоматик ёнғин ўчириш, тутундан ҳимоя тизимлари ҳамда автоматик ёнғин сигнализацияси ўрнатилмоқда. Шунингдек, ёнғин ҳақида тезкор хабар бериш ва эвакуацияни бошқариш тизими, ёнғин ўчириш кранлари ташкил этилади. Ҳозирда марказда фавқулодда вазиятлар ва тезкор гуруҳларнинг навбатчилиги ташкил этилган.
Вилоятдаги 26 зиёрат, 10 та экотуризм, 7 та агротуризм объектлари, шунингдек, 8 та маданият саройлари ва уйларида ҳудудий фавқулодда вазиятлар бўлимларининг ходимлари томонидан мавсумий профилактик тадбирлар ўтказилди. Самарқанд шаҳридаги сайёҳлар яшайдиган меҳмонхоналар, савдо ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш объектлари давлат ёнғин назорати инспекторлари томонидан ўрганилиб, аниқланган камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш чоралари кўриляпти.
Шунингдек, вилоят гидрометеорология бошқармаси ҳамда хавфли геологик жараёнларни кузатиш станцияси ходимлари билан ҳамкорликда Булунғур, Қўшработ, Ургут, Каттақўрғон, Самарқанд ҳамда Нуробод туманларининг тоғли ҳудудларида жойлашган туризм объектларининг ҳолати ўрганиб чиқилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ,
Ф.РЎЗИБОЕВ олган суратлар.