Инсон қадри улуғланмаган жамият таназзулга юз тутади

Стратегия – узоқ муддатга мўлжалланган аниқ ҳаракатларни ўз ичида жамлаган дастурий ҳужжат. Унда давлат сиёсатининг бир неча йилга мўлжалланган аниқ режалари ўз ифодасини топади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яратилган мамлакатимизни 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида ўтган давр мобайнида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш, рақамли ҳукуматни шакллантириш, фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий ҳимояни таъминлаш, таълим сифатини ошириш борасида қатор янгиликлар ҳаётимизга татбиқ этилмоқда.
Мана шу ислоҳотларнинг давоми сифатида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан еттита устувор йўналишдан иборат 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида Президент фармони қабул қилинди. Тараққиёт стратегияси еттита устувор йўналишлар доирасида юз мақсадни ўзида жамлаган. Фармон билан ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича муҳим янгиликлар, жумладан, 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиниши, 2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилиши белгиланди.
Тараққиёт стратегиясида таълим сифатини ошириш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга фарзандларини юбораётган ота-оналарнинг ойига 3 миллион сўмгача бўлган тўловлари даромад солиғидан озод қилиниши белгиланди. Даромад солиғи ставкаси 12 % эканлигини ҳисобга олсак, бу янгилик анчагина пулни фарзандларнинг яхши таъминоти ва таълими учун йўналтирилишига олиб келади.
Тараққиёт стратегиясида адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2022 йилда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан бепул юридик ёрдам кўрсатиш тартиби жорий этиладиган бўлди. Бундан ташқари, жазони ўтаб бўлган фуқароларнинг келгусида жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш учун “дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети”ни бериш тизимини жорий қилиш учун тегишли вазирликларга уч ой муддатда қарор лойиҳасини киритиш вазифаси юклатилди. Бу жазони ўтаб чиққан фуқароларнинг жамиятга ижтимоий мослашиши учун муҳим қадам бўлади. Сабаби, бундан кўзланган асосий мақсад ҳам жазони ўтаб бўлган тадбиркорлик, ҳунармандчилик, меъморчилик каби йўналишларда аниқ лойиҳаларга эга бўлган, мустақил фаолиятни бошламоқчи бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг нормал ҳаётга мослашувларига кўмаклашишдир.
Тараққиёт стратегиясининг иккинчи устувор йўналиши мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантиришга бағишланган бўлиб, у жами саккиз мақсадни ўзида жамлаган. Хусусий мулк дахлсизлиги халқаро рейтингида мамлакатимизнинг қуйи ўринлардан жой олгани ҳали бу борада катта ислоҳотлар қилиш зарурлигини яна бир бор исботлади. Стратегияда бу борада ҳам сўз юритилиб, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш мақсадида хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотларига ишониб мулк сотиб олган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини яратиш белгиланди.
Иккинчи йўналишда қатор янгиликлар хусусан, судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш тизимини жорий этиш ўрин олган бўлиб, бу фуқароларнинг, тадбиркорлик субъектларининг вақтини тежаш, ортиқча оворагарчиликлар ва харажатлардан қутулиш учун муҳим янгилик ҳисобланади. Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш борасида жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизматини тубдан такомиллаштириш, шу жумладан, замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш амалиётидан воз кечиш белгиланди. Умуман олганда, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, соҳани рақамлаштириш юқорида таъкидлаганимиздек, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиб, бюрократияни қисқартиришда асосий ўрин тутади.
Хулоса қилиб айтганда, тараққиёт стратегиясининг бош мақсади инсон қадри, ҳуқуқлари ва қонуний манфааатлари олий қадрият эканлигини, барча ислоҳотлар инсон учун, унинг манфаатлари учунлигини эътироф этишдир. Зеро, инсон қадри улуғланмаган, унинг ҳуқуқлари поймол қилинган жамият бора-бора таназзулга юз тутади.
Гулнора ХУДОЙБЕРДИЕВА.
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали доценти, юридик фанлар номзоди.
Мафтуна ФАХРИДДИНОВА,
Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали 2-курс талабаси.