Инсоният бошига келган синовни ёруғ юз билан енгамиз

Асрлар давомида халқимизнинг сабр-матонати, қаноати тобланган. Бошига келган синовларни имон-эътиқоди билан енгган. Насиб бўлса, бу синовдан ҳам меҳнатимиз, ижодимиз, бир-биримизга ғамхўрлигимиз билан юзимиз ёруғ бўлиб ўтамиз.
Томорқа хазина дейишади. Ҳовлимда уч сотих ерим бор. Ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Ўзинг етиштирган маҳсулотнинг мазаси бошқача бўларкан. Кеч кузда бир парча ерга саримсоқ пиёз ва кўкатлар эккандим. Баҳорда фарзандларимга, невараларимга дармон-дори бўлсин деб. Кеча баргини боғлаб чиқдим. Ернинг қолган қисмига помидор, бақлажон, булғор қалампири экканман. Бодринг экишга ҳам ерни тайёрлаб қўйдим.
Карантин даврида театр режиссёри билан бирга саҳналаштириладиган пеьсаларни ўқиб, ижодий ҳамкорлик қилаяпмиз. Ҳозир “Жаннатга йўл” асарини ўқияпман. Баъзан ерда ишлаб ҳам илҳом оламан. Асарни ўқиб кўзим толиқдими, дарҳол ҳовлига чиқиб, ерга ишлов бераман. Бугунги кунда ернинг бир қаричини ҳам бекор қолдириш увол.
Турмуш ўртоғим билан невараларга ҳам вақт ажратишни унутмаймиз. Онлайн дарсларни кузатиб, кўпроқ китоб ўқиб беришга ҳаракат қиламан. Алберт Эйнштейн “Агар болаларингиз ақлли бўлишини истасангиз, уларга эртак ўқиб беринг. Агар янада ақллироқ бўлишларини хоҳласангиз, унданда кўпроқ эртак ўқиб беринг”, деганди. Чунки китоблар маънавий оламимизни бойитади. Ундан ибрат олиш, ҳаётий хулоса чиқариш, баъзан ўрганиш ҳам мумкин. Шунинг учун, кўпроқ вақтимни невараларимга китоб ўқиш билан ўтказаяпман.
47 йилдан буён театр саҳнасидаман. Саҳнасиз ҳаётимни тасаввур эта олмайман. Театр неча чиғириқларни бошидан ўтказмади. Театрга шундай бориб келган дамларимиз ҳам бўлган. Бугун давр бошқача. Томошабин учун ишлайдиган, ижод қиладиган, янги асарларни имкон қадар кўпайтириб, томошабин олқишидан ҳам маънавий, ҳам руҳий қувват олиш замони келди. Актёр ҳаётдаги камчиликларни бўрттириб кўрсатади, ўз ролларида акс эттиради. Албатта, ундан хулосани томошабин ясайди. Бугун театрда фаолият юритаётган истеъдодли ёшларимиз кўп. Уларга фақат ўргатиш, шакллантириш керак, холос. Театрларимиз бугун яна томошабинлар билан тўлаяпти. Кучли асарлар актёрларимиз томонидан ижро этилаяпти. Карантин тугагач, янги асарни театр мухлисларига ҳавола этамиз. Бугун барча ижодий ходимлар онлайн мулоқот қилиб, асарнинг кам-кўстини тўлдираяпти, ўз устида ишлаяпти.
Не-не замонларни кўрмадик. Бу кунлар ҳам ҳаётимизнинг бир лавҳаси. Бугун уйда ўтириб фикрлашимизга, хулоса қилишимизга, ортга назар ташлаб хатоларимизни тўғирлашга имкон яратилди. Асосийси, барчамиз уйда қолиб, сабримиз-матонатимиз билан бу кунларни енгиб ўтамиз. Мен бунга ишонаман. Уйда ўтиргандан фойдаланиб, фарзандларимизга ҳам қаноатни ўргатайлик. Рўзаи Рамазон ойларида Аллоҳга шукрона айтиб, дуога қўл очиб бу кунларни енгишни сўрайлик.
Темур ПАРДАЕВ,
вилоят мусиқали драма театри актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.