Интернет тезлиги ҳақидаги миш-миш ва ҳақиқат
Биринчи декабрь куни мўъжиза юз бермади. Қорбободан совға кутган болакайдай алданиб қолмадикми, деган ўй билан интернетнинг "Ўзбектелеком" акциядорлик компанияси ҳудудий бўлимига қўнғироқ қилдик. Улар билан гаплашганимизда бу каби масалалар Тошкентда ҳал бўлиши, уларнинг бу вазиятда иштироки йўқлигини таъкидлашди. Шу тариқа "Ўзбектелеком" АКнинг расмий сайтига мўралаб кўрдик. Расмий сайтдаги маълумотлар аввалига бизни бироз шошириб қўйди. Сабаби, ундаги фикрлар тезлик ҳақидаги тарқалган хабарлар асоссиз эканлигига ишора эди.
Келинг, сайтдаги маълумотлардан аввал бундан бир неча ой аввалги воқеаларни эслатиб ўтсак. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АКТ соҳасини ривожлантиришга қаратилган мажлисда интернет нархини пасайтириш, тезлигини камида тўрт бараварга ошириб, 2020 йилга қадар МДҲнинг бошқа мамлакатлари даражасига етказиш вазифасини қўйган эди. Жорий йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири Азим Ахмедхўжаев "Биз Ўзбекистон интернет-канали тезлигини бугунги 160 Гбит /сониядан камида 1,2 Тбит/сонияга етказмоқчимиз. Бу тезлик қарийб 10 баравар ошади дегани. Биз ушбу вазифани йил охирига қадар бажаришни режалаштирганмиз, лекин бу ундан олдин ҳам амалга ошиши мумкин, чунки ушбу ишни амалга ошириш учун барча кучлар сафарбар қилинган", деган эди. Хўш, орадан шунча вақт ўтиб, бу ваъда бажарилдими?
Бу саволга яқинда, яъни 30 ноябрь куни "Ўзбектелеком" АКнинг ҳисобот йиғилишида жавоб берилди. Унинг расмий сайтида йиғилиш ҳақида ахборот берилиб, унда жумладан қуйидаги фикрлар билдирилган.
"Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғининг бажарилиши мақсадида "Ўзбектелеком" АК ходимлари томонидан мавжуд инфратузилмаларнинг тизимли таҳлили ўтказилди, техник қурилмаларни эволюцион янгилаш режаси батафсил ишлаб чиқилди.
"Ўзбектелеком" АК "Халқаро пакетли коммутация марказлари ва маълумотлар узатиш тармоқларини кенгайтириш" лойиҳаси доирасида халқаро пакетли коммутация маркази комплекслари модернизация қилинди ва шундан кейин ХПКМ комплексларининг умумий ўтказиш қобилияти 10 марта: ўзгартирилган трафиги 110 Гбит/с.дан 1200 Гбит/с.гача ўсди.
Шу тариқа, ХПКМ комплекси умумий ўтказиш қобилияти 10 баробар оширилди.
"Ўзбектелеком" АК фаолиятининг устувор йўналишларидан бири мамлакатимиз операторлари ва провайдерлари билан самарали ҳамкорлик қилишдир. Йил бошида интернет хизматларининг минтақавий бозорини ривожлантириш учун компания операторлар ва провайдерлар учун интернет-каналида тарифнинг нархини 3 баробар пасайтирди:
2018 йил 10 июлда халқаро пакетли коммутация марказига уланган операторлар ва провайдерлар учун ташқи интернет-канал тарифлари 1 Мбит/с. нархи 244 958 сўмдан 169 459 сўмгача туширилди;
2018 йилнинг декабрь ойида операторлар ва провайдерлар учун 1 Мбит/с. нархи 85 000 сўмни ташкил этади.
Ўтказиш қобилиятини 10 баробар кенгайтириш натижасида "Ўзбектелеком" АК оператор ва провайдерларнинг барча аризаларини тўла ҳажмда чекловларсиз қондира олади. Ҳар бир оператор ва провайдерлар ўз хизматлари учун нархларни ўзлари мустақил равишда белгилашларини таъкидлаб ўтамиз. Тезлик масаласига келсак, у муайян провайдер ёки оператор тармоғининг технологиялари ва техник имкониятларига боғлиқ.
Бугунги кунда компанияни ўз провайдери сифатида танлаганларга "Ўзтелеком" тариф режаларида эълон қилинган тезликни кафолатлайди. 2018 йил 1 декабрдан бошлаб "Ўзтелеком" янги кафолатланган чексиз тариф режаларини ишга туширади. Ўзбекистонда биринчи марта 2 Мбит/с. тезликка эга кафолатланган чексиз интернет нархи ойига 88 000 сўмни ташкил этади, бу олдинги шундай тариф режадан 2 мартадан ортиқ арзонроқдир. Бундан ташқари, энди тариф режаларида "гача" қўшимчаси мавжуд бўлмайди, бу танлаб олинган тариф режаси бўйича тезликнинг кафолатланишини англатади. Энди 1Мбит/с.=1Мбит/с. эканлигини англатади".
Самарқандлик интернет фойдаланувчилар ҳақиқатан ҳам арзон интернет пакетларига эга бўлганини таъкидлашмоқда. Хусусан, илгари 200 минг сўм тўлаб интернетдан фойдаланган истеъмолчи бугун худди ўша ҳажмдаги интернет учун 88 минг сўм тўламоқда.
Умуман олганда, ҳисоботдан ҳам кўп гап маълум. Демак, интернет ўтказиш тезлиги ахборот сайтлари овоза қилганидек, 1 декабрдан эмас, йил давомида ошириб борилган. Янаям оддийроқ тушунтирадиган бўлсак, сайтларга кириш тезлиги (интернет тезлиги тушунчасининг ўзи бир неча хил) қисман, юқорида таъкидланганидек ошган. У ҳам бўлса, оптик толали интернет фойдаланувчилари учун. Мис сим орқали тортилган интернет фойдаланувчилари учун эса юқори тезлик ҳақида ваъда бериш мураккаб масала. Ҳисоботда таъкидланганидек, юқори тезлик сизга хизмат кўрсатаётган провайдерларнинг техник имкониятлари билан ҳам боғлиқ.
Гулруҳ МЎМИНОВА.