Интернетдан фойдаланишда муайян қоидаларга риоя қилиш шарт

Акс ҳолда тегишли тартибда жавобгарлик чоралари қўлланилади. Негаки, бу борада жорий йил 30 март куни қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилди. Аниқроқ айтганда, оммавий тартибсизликларга, қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга даъват қилиш учун тегишлича маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланди.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги 201-1-модда билан тўлдирилди:
Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади»
Яъни, қайд қилинган маъмурий ишни амалга оширган шахс 14 миллион 700 минг сўмдан 19 миллион 600 минг сўмгача тўлаб қўйишига тўғри келади.
Оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилиш эса базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бу қоида маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 244-моддасида мустаҳкамлаб қўйилди.
Ушбу моддага кўра, юқорида қайд қилинган ҳуқуқбузарлик бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб; оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Абдуҳаким ОЛТИБОЕВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси ўринбосари.