"Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетинининг 300 нафар битирувчиси диплом олди

Ушбу университет, 2018 йилда Хитойнинг Синдао шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитида Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан Самарқанд шаҳрида "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетини ташкил этиш хусусида илгари сурган таклифига мувофиқ ташкил этилган.

Марказий Осиё ва мамлакатимизда ягона туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилганига 5 йил тўлди ва олийгоҳнинг 300 нафар битирувчилари катта ҳаётга қадам қўймоқда.

Шу муносабат билан Самарқанд халқаро туризм марказида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилганлигининг 5 йиллик юбилейи ҳамда битирувчиларга диплом топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўз олган “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов  университет ҳаётида амалга оширилган ишлар ҳақида тўхталиб, битирувчиларни табриклади ва уларнинг кейинги ишларига муваффақият тилади.

- Битирувчиларимизга ўтган тўрт йил мобайнида АҚШ, Хитой, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Франция, Италия, Япония, Эрон, Австралия каби таълими ривожланган давлатлардан келган малакали профессор, ўқитувчилар инглиз тилида таълим берди, - деди А.Абдуҳакимов. - Эндиликда ҳар томонлама билимли ва зукко битирувчиларимиз Янги Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини юксалтиришда нафақат Самарқандда, балки мамлакатимизда ҳам улкан ютуқларни қўлга киритишига ишонамиз.

2021-2022 ўқув йилида университетга 8 нафар хорижлик талаба қабул қилинган бўлса, 2022-2023 ўқув йилида 48 нафар хорижлик талаба ўқишга қабул қилинди. Янги ўқув йилида уларнинг сони янада ошиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати томонидан "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетининг магистратура йўналишида таҳсил олиш учун хорижлик талабаларга ҳар йили 85 та квота ажратиб борилмоқда.

- Тўрт йил давомида хорижлик профессор ўқитувчилардан таҳсил олдик, - дейди университет битирувчиси Шоҳруҳ Султонов. - Ўқиш давомида устозларимиз бошчилигида хориж давлатларида ва халқаро ташкилотларда малака ошириб, ютуқларга эришдик, ишли бўлдик. Жумладан, ўзим икки марта "Йилнинг энг билимли талабаси" ва "Йилнинг энг кучли мутахассис талабаси" танловида ғолиб бўлдим. Ҳозирда Самарқанд шаҳрида очилган Оксфорд халқаро мактабида директор ўринбосари бўлиб ишлаяпман.

Тадбир сўнгида талабаларга диплом топширилди.

Фазлиддин Рўзибоев.