Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иқлим ўзгариши меҳнатга қўшимча ҳақ тўлашни талаб этади

Бу ҳақда вилоят касаба уюшмасида 28 апрель - Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига бағишланган “Иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига таъсири” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида айтилди.

Тадбир ташкилотларнинг куч воситалари кўргазмаси билан бошланди. Унда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Фарҳод Ханапиев, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши аъзолари, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси мутахассислари, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси вакиллари иштирок этди. 

Таъкидландики, кейинги пайтда иқлим ўзгариши ва унинг инсонга таъсири тобора ортиб бораётгани, ҳатто турли касалликларни келтириб чиқараётгани, унинг оқибатида меҳнатга яроқсиз ҳолатлар ҳам учраяпти. Унинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналари ва иш жойлари ҳовлисида манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазиш, гул парваришлаш зарур.

- Бугунги кунда ўзгарувчан об-ҳаво шароити меҳнат соҳасига, айниқса, ходимларнинг хавфсизлиги ва соғлиғига сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши меҳнат техник инспектори Усмон Каримов. - Иқлим ўзгариши натижасида касбий хавф-хатарларга иссиқлиқ стресси, ультрабинафша нурланиш, ҳавонинг ифлосланиши, йирик саноатдаги авария ҳолатлари, экстремал об-ҳаво ҳодисалари, трансмиссив касалликларнинг кўпайиши ва кимёвий моддалар таъсирининг кучайиши эҳтимоли юқори ҳисобланмоқда. Шунинг учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро меҳнат ташкилоти “Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни”нинг бу йилги мавзусини “Иқлим ўзгаришининг меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига таъсири” деб эълон қилди.

Давра суҳбатида мутахассислар томонидан юқори ҳарорат юрак-қон томири ва нафас олиш тизими касалликларидан оғир аҳволга олиб келиши мумкинлиги, иқлим ўзгариши туфайли ходимлар иссиқлиқ стресси, иш билан боғлиқ жароҳатлар ва меҳнат унумдорлигининг пасайиши хавфига олиб келиши айтиб ўтилди. Бу, айниқса, очиқ ҳавода ёки иссиқхоналарда ишлайдиган ишчи-ходимлар учун хавфли экани таъкидланди. бундай ҳолатлар эса меҳнатга қўшимча ҳақ тўлашни талаб этади.

Тадбир давомида йигирмадан ортиқ ташкилот “Энг яхши касаба уюшмаси қўмитаси”, “Энг яхши меҳнат мухофазаси”, “Энг яхши ташкилот” номинациялари бўйича учта ўринда тақдирланди. 

Ҳусан Элтоев.