Ироқлик аскар сайлов участкаси олдида ўз хизматдошини отиб қўйди
Ироқ хавфсизлик хизмати агентлиги хабарига кўра, ироқлик аскар Дияла провинциясидаги сайлов участкаси олдида адашиб, ўз хизматдошини отиб ўлдирди.
Аввалроқ хавфсизлик манбаси РИА Новости агентлигига Ироқ шарқидаги Дияла провинциясидаги сайлов участкасига қуролли ҳужум уюштирилиши оқибатида икки ироқлик аскар яраланганини маълум қилган эди.
«Баъзи ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситалари хавфсизлик муаммоси ёки Дияла провинциясидаги сайлов марказига қуролли ҳужум ва отишма ҳақида хабар тарқатди. Можаро ҳарбийлардан бири ўз хизматдошини отиб ўлдириб, бир кишини яралагани туфайли келиб чиққан», дейилади хабарда.
Ироқда маҳаллий вақт билан соат 07:00да сайлов участкалари очилди. Бу 2003 йилдан бери мамлакатда ўтказилган биринчи навбатдан ташқари парламент сайловлари. Вакиллар кенгаши (Парламент) 329 кишидан иборат. Уларнинг ваколат муддати тўрт йил. Ироқ парламенти депутатлиги учун 3240 дан ортиқ номзод, жумладан, 951 нафар аёл курашмоқда. 160 га яқин партия рўйхатга олинган.
Сайловлар муносабати билан Ироқ ҳукумати барча аэропорт ва чегара пунктларини ёпди. Ироқ хавфсизлик кучлари юқори шай ҳолатда. Сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 40 миллиондан ортиқ аҳолиси бўлган Ироқда 25 миллиондан ортиқ сайловчилар бор.
Президент Бархам Салеҳ 2020 йил ноябрь ойида намойишчилар 2019 йил октябрь ойида ҳукуматга қарши намойиш бошланганидан сўнг талаб қилинган янги сайлов қонунини маъқуллади. Муддатидан олдин парламент сайловлари 2021 йил 6 июнга режалаштирилган эди. Лекин кейин Олий сайлов комиссияси тавсиясига биноан 10 октябрга қолдирилди. Комиссия партия альянслари иштироки учун ариза беришга кўпроқ вақт бериш керак деб ҳисоблади. Ироқда аввалги парламент сайловлари 2018 йил май ойида бўлиб ўтган эди.