Иш топиш - ёшларнинг асосий муаммоси
Ўтган ҳафта zarnews.uz сайти ва ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ўртасида "Ўзингиз яшаётган ҳудудда касб-корингизга, мутахассислигингизга мос иш ўрни борми?", деган савол билан ижтимоий сўров ўтказган эдик.
Сўров натижалари юзасидан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Умиджон МАМАТОВ қуйидагича изоҳ берди:
- Бугунги кунда вилоятимизнинг барча ҳудудларида янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар, ижтимоий соҳа объектларига кўпроқ мутахассис ёшларни ишга жойлаштиришга кўмаклашяпмиз. Бунда ҳокимликлар, ёшлар иттифоқи, прокуратура ҳамда бандликка кўмаклашиш марказларининг ташаббуси билан ўтказилаётган меҳнат ярмаркаларининг ўрни катта бўлмоқда. Уларда иштирок этган институт ва касб-ҳунар коллежларини тугатган ёшларнинг 30 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишга кирди.
Сўровномада иштирок этганларнинг аксарияти иш тополмай хорижга чиқиб кетаётганлигини таъкидлаган. Афсуски, бу тўғри. Айрим корхона ва ташкилотларда бўш иш ўринлари мавжуд бўлса-да, аммо уларни яширишга уриниш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Шунингдек, баъзида иш берувчиларнинг ярмаркаларда мавжуд бўлмаган ёки кам маошли, номутахассис ўринларни таклиф этиши сабабли кўпчилик ёшлар бу таклифлардан қониқмаётганлигини билдирмоқда.
Жорий йилнинг 2 ойида вилоятимизда 22 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларда 1359 та корхона ва ташкилот 7800 дан зиёд бўш ва квота иш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркаларда иштирок этган 2247 нафар фуқаронинг 641 нафари ишга йўлланма олган.
Д.ЎТАМУРОДОВ.