“Ишга марҳамат” мономарказида қўшимча янги ва замонавий йўналишлар ташкил этилади
Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида электромобиль устаси, СММ мутахассиси, веб-дизайнер, қуёш панеллари мутахассиси каби янги ва замонавий йўналишлар ташкил этилади.
Бу ҳақда мономарказда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармасининг иш билан банд бўлмаган аҳолини касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ташкил этилган пресс-турда маълумот берилди.
Маълумки, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чораларининг муҳим қисми бу ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш ва иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳисобланади. Айни шу мақсадда 2021 йил май ойида Самарқанд шаҳрида “Ишга марҳамат” мономаркази ташкил этилган эди. Қисқа муддатда марказда 4157 нафар тингловчи касб-ҳунар ўрганиб, ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашган, маълум қисми мустақил иш фаолиятини йўлга қўйган.
Марказда бугунги кунда 26 та замонавий касблар, 3 та хорижий тиллар ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича курслар ташкил этилган. 2023 йилнинг олти ойида 1202 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган бўлса, шундан 844 нафари хотин-қизларни ташкил этади. Муҳим жиҳати, бу тингловчиларнинг 60 нафардан ортиғи ижтимоий дафтарларда турган фуқаролар, 45 нафари ногиронлиги бўлган шахслардир. Шунингдек, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари тавсияси асосида 890 нафар тингловчи ўқитилиб, 763 нафари бугун турли корхоналарда ўз соҳаси бўйича ишлаяпти.
- Марказ ташкил этилганида 13 та йўналишда касб-ҳунарга ўқитиш йўлга қўйилган эди, - дейди вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси раҳбари Исроил Жабборов. – Ҳозирда 26 та йўналишда тингловчилар касб-ҳунар ўрганмоқда. Бугунга келиб замонавий касбларга талаб ошди, касб-ҳунар йўналишларига ҳам мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда тингловчилар қабул қилиняпти. Яқин келажакда бу йўналишларни 30 тага етказишни режа қилганмиз. Хусусан, электромобиль устаси, СММ бўйича мутахассис, веб-дизайнер, қуёш панеллари устаси каби янги ва замонавий йўналишлар ташкил этилади. Бу қўшимча иш ўринларининг пайдо бўлишига имкон яратади. Шунингдек, юртимизда, хусусан, вилоятимизда қурилиш соҳаси жадаллик билан ривожланяпти. Бутун бошли шаҳарчалар қурилаётгани ушбу йўналишда ҳам минглаб иш ўринлари яратилишига замин бўлмоқда. Ҳозирда Самарқанд шаҳридаги Қорасув массиви ҳамда Булунғур туманида бунёд этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида иш берувчилар билан ҳамкорлик ўрнатиб, қурилиш ишларида тажрибаси бор аммо ишсиз бўлган фуқароларнинг бандилигини таъминлаяпмиз.
Жаҳон банкининг аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш лойиҳаси доирасида марказга хорижлик мутахассислар жалб қилиняпти. Хусусан, Туркиядан 10 нафар ошпазлик, қандолатчилик, иссиқхона технологияси, косметолог, электрик, маиший уй-рўзғор электротехник буюмларини тузатиш устаси касб йўналишлари бўйича малакали мутахассислар жалб қилиниб, амалий дарс жараёнлари ташкил этилди.
Эътиборлиси, шу кунгача мономарказ муҳандис-усталарининг 24 нафари “World Skills” сертификатини олиб, эксперт мақомига эга бўлди. Ҳамкор корхоналарда қўшма дастур асосида корхонанинг ўзида курслар ташкил қилинди. Жорий йил хорижий тиллар ўқитиш бўлимида 240 нафар ўқувчилар ўқитилди. Қарияларни парваришлаш ва қишлоқ хўжалиги ишчиси йўналишлари бўйича 34 нафар фуқаро ўқишни битирган бўлса, улардан 9 нафари N4 тил билиш сертификатини қўлга киритди.
Бугунги кунда мономарказда вилоятдаги мавжуд 150 дан ортиқ ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш корхоналари билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ва марказ битирувчилари ушбу корхоналарда бандлиги таъминланмоқда. Пресс-турда иш берувчи корхоналар вакиллари ҳам иштирок этди. Улар бугунги бозор талаблари, қайси йўналишларда мутахассисларга талаб ошаётгани бўйича маълумот берди.
- Яқин вақтгача ходимларимизни янги пайдо бўлаётган соҳаларга ўқитиш учун чет давлатларга, ҳеч бўлмаганда пойтахтга юборишга мажбур бўлардик, - дейди “Хайринисо она файз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ёдгор Нурмонов. – Ҳозирда вилоятимизда ҳам бу йўналишлар бўйича қайта тайёрлаш курслари очилаётгани биз иш берувчиларга ҳам қўл келяпти. Шу ўринда таклифимни ҳам билдирдим. Ҳар бир соҳада яхши мутахассис бўлиш билан бирга мижоз билан ишлаш кўникмаси ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, истеъмолчи билан муомала-муносабатга киришиш, товарни тавсия қилишда зарур мулоқот кўникмаларига эга бўлиши лозим. Марказда касб-ҳунарга ўқитилаётган тингловчиларда ушбу кўникмалар бўйича тушунчалар бериш учун тажрибали тадбиркорларни жалб этса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар марказда тингловчиларга касб-ҳунар ўрганишлари учун яратилган шароитлар билан танишди, улар билан мулоқот қилди. Тингловчилар кейинги иш фаолиятларини йўлга қўйиш бўйича бошқарма мутасаддиларига саволлар берди, амалий кўмак сўраганлар ҳам бўлди. Бошқарма мутасаддилари саволларга атрофлича жавоб берди, имтиёзли кредит олиш бўйича тушунча ва тавсиялар берилди.
Сулаймон Мардиев,
Замира Болтаева (сурат).