ИШИД етакчилигига номзодлардан бири Ироқда қўлга олинди

Ироқ махсус хизмати ИШИД (Ўзбекистонда тақиқланган) етакчилигига номзод этиб кўрсатилаётган террорчи Абдул Насер Кардаш қўлга олинганлиги тўғрисида маълум қилди. У “Ислом давлати” етакчиси Абу Бакр ал-Боғдодий йўқ қилинганидан сўнг етакчилик қилишга асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётган эди. Бу ҳақда 20 май куни Ироқнинг Alsumaria телеканали маълум қилди.

“Бугун ал-Боғдодий ўрнини эгаллашга асосий номзодлардан бири ҳисобланган террорчи қўлга олинди. Ҳибсга олиш ишлари аниқ маълумотлар асосида амалга оширилди”, дея келтирди телеканал Ироқ разведкаси тақдим этган маълумотни. Шу билан бирга разведка хизмати террорчининг суратларини ҳам тақдим этди.

2019 йил 27 октябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп ИШИД етакчиси Абу Бакр ал-Боғдодийни йўқ қилинганлиги ҳақида маълум қилган эди.