Ишончли вакил: "Давлатлар ўртасидаги сунъий тўсиқ олингани нафақат мамлакат, балки минглаб одамларга наф берди"

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Рустам Холмуродов булунғурлик сайловчилар билан учрашди.

Дастлаб тадбирда ишончли вакил номзоднинг сиёсий фаолияти ҳақида гапирди. Ўтган 5 йилда мамлакатимизда амалга оширилган ишлари ҳақида тўхталди.

Хусусан, юртимизда Шавкат Мирзиёев томонидан таълим, саноат, иқтисодиёт, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапирар экан, номзоднинг кейинги 5 йилликка мўлжалланган дастурида, аввало, инсон омили, инсон қадрини улуғлаш энг муҳим вазифа қилиб белгиланганлигини эътироф этди.

- Ўзбекистон учун собиқ тузумдан мерос чегара муаммоси, қўшнилар билан муносабатлар муаммоси доим долзарб аҳамият касб этган, - деди Рустам Холмуродов. - Марказий Осиёдаги мамлакатларнинг жойлашуви, аҳолисининг қон-қариндошлиги дини, тили бирлиги, табиати, географиясидаги узвийлик, бир дарёдан сув ичиши, тоғларининг туташганлиги, яйловлардан биргаликда фойдаланиши… қандай қилиб бу бир бутунликни ажратиб бўлади. Қандай қилиб Марказий Осиё давлатларини айри тасаввур қилиш мумкин. Ахир бу Яратганнинг тақдири, ҳукми эмасми?

Минг афсуски, мустақиллик йилларида Марказий Осиё давлатлари ўртасида сунъий тўсиқлар қўйилди. Четдан аралашувлар, ички низолар бир бўлиб, душманчилик вазиятини пайдо қилди. Чекловлар ўрнатилди. Нотўғри сиёсат юритилди. Бунинг мамлакатларимизга етказган катта иқтисодий зиёнидан ташқари, ҳисобсиз маънавий йўқотишлар борлигини унутмаслигимиз керак. Шавкат Мирзиёев бу каби муаммоларни барчасини кўра олди. Ўтган беш йилликда бирин-кетин буларга ечим топиб, халқларимизни таназзулдан олиб чиқди.

Тадбирда сўз чиққанлар O’zLiDePдан кўрсатилган номзоднинг дастури Ўзбекистоннинг жадал ривожланишига хизмат қилишини таъкидлаб, Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.