Иштихон ИИБ ходими ўз машинасида одам уриб ўлдирганлиги яшириляптими?

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати “Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ИИБ ходими ўз машинасида одам уриб ўлдирганлиги яширилмоқдами?” сарлавҳаси остида эълон қилинган видеолавҳа юзасидан маълумот тақдим этди.

Маълум қилинишича, шу йил 31 март куни соат 21:20 ларда Пайариқ тумани Эмалач қишлоғида яшовчи фуқаро З.С. турмуш ўртоғи (Иштихон тумани ИИБ ходими) Х.С. нинг номида бўлган “Matiz” русумли автомашинани Пайариқ туманининг "Жавшарота" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида бошқариб келиб, шу йўлда кетаётган Д.Ж. ни уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетган.

Кўрсатилган муолажалар га қарамай Д.Ж. олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Пайариқ тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми (одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.