Иштихон тумани марказидан қишлоқларга қандай борилади?

Маълумотларга кўра, туман марказидан қишлоқларгача бўлган барча йўналишларда имкон қадар автобус ва енгил автомашина хизмати ташкил қилинган. Аслида-чи?

Туман марказидан Митан қўрғонига “Ҳошим автотранс” масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 та автобус қатнови йўлга қўйилган. Корхонанинг ушбу йўналишда 2 та “Дамас” русумли автомашинаси хизмат кўрсатмоқда. Митан қўрғонига йўли тушган одам бу рақамлар “хўжакўрсин” учун қилинганини яхши билади.

Маълумки, муайян йўналишда хизмат кўрсатувчи корхона тендер орқали аниқланади. Яъни, талабгор корхоналарнинг имкониятлари обдон ўрганилгач, улар орасидан энг муносиби танлаб олинади. Хўш, автомобиллари сони ўнтага ҳам етмайдиган корхона қай тариқа тендер ғолиби бўлган? Агар тендерда қатнашиш даврида етарлича автоулови борлигини намоён қилган бўлса, корхонанинг фаолиятини нега ўтган даврда бундай салбий томонга ўзгариб кетди?

Умуман, туман марказидан қишлоқларга битта автобус, икки ёки учта енгил автомобиль хизмат кўрсатаётганига масъуллар, хусусан, солиқ идораси қайси ўлчовга асосан ишониб келмоқда? Мутасадди идоралар ходимлари фақат ноқонуний одам ташиш фаолияти билан шуғулланаётган автомобиль ҳайдовчиларини топиб жаримага тортиш билан чекланмоқдами?

Саволлар бисёр. Уларнинг жавобларини топишга интилганинг сайин ёпиқ иқтисодиёт ва бошқа гумонлар хаёлга келаверади. Тегишли масъуллар бу масалада, албатта, изоҳ беради, деган умиддамиз.