Иштихонда ижод мактаби ўз фаолиятини бошлади
Шу муносабат билан туман марказида ижодий кеча ташкил этилди.
Унда ижод оламига илк бор Иштихон заминида қадам босган, бугунда эса Тошкент шаҳри ва бошқа вилоятларда фаолият юритаётган шоир ва ёзувчилар ҳамда ёш қаламкашлар, умумий ўрта таълим мактаби тарғиботчилари иштирок этди.
Тадбир аввалида туман ҳокими Ф.Рўзиев Иштихондан Йўлдош Эшбек, Рауф Субҳон, Олқор Дамин, Aбдулла Турдиев, Зайниддин Баҳриддинов, Шаҳодат Исахонова, Бахтиёр Раббим, Тўлқин Эшбек, Ориф Тўхташ каби эл ардоғидаги ижодкорлар етишиб чиққани, уларнинг ижоди ва ибрати иштихонликларга ўзгача завқ беришини эътироф этди.
Ижодий кечага йиғилганлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Шаҳодат Исахонова, Ориф Тўхташ, Тўлқин Эшбек, Бахтиёр Раббимларнинг дилкаш суҳбатини олди, шеърларини тинглаб завқланди. Иштихон заминида яшаб, ижод қилаётган Ўта Муҳаммад, Нуриддин Яҳёев, Шаҳриддин Умиров, Феруза Тоғаева, Муҳаббат Тўхташева, Тўлқин Муҳаммад ва яна бир гуруҳ ижодкорлар ўз китобларини тақдим этди, янги шеър ва ижод намуналаридан ёд ўқиди.
Тадбирда Иштихонда ижод мактабини ташкил этиш, бу билан қишлоқларда улғайиб келаётган ёш истеъдодларни қидириб топиш, улар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш ташаббуси билдирилди. Шу кунги ижодий учрашувни ушбу ижод мактабининг илк тадбири деб қабул қилишди.
Шунингдек, меҳмонлар туман марказий музейи ва Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Усмон Эшбеков уй-музейида бўлиб, юрт тарихидан ҳикоя қилувчи экспонатлар билан танишди.
Муқаддам Ҳaйитовa.