Иштихондаги корхонанинг иш бошлаши нега ортга сурилган эди?
Иштихон тумани Қора қўйли маҳалласида яшовчи Наргиза Аҳмедова 10 йилдан бери қандолатчилик маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланади. Фаолиятини якка тартибдаги тадбиркорлик билан бошлаган бу ишбилармон опани бир муаммо қийнарди.
Яъни тайёрлаётган ширинликларни қадоқлаш учун қоғоз қутиларни бошқа ҳудудлардан сотиб олиб келарди. Орзуси эса оилавий корхона ташкил этиб, шу муаммога ечим топиш эди. У ўтган йили кузда ишга киришди. Керакли ҳужжатлар ва жой масаласи ҳал этилди, аммо бу корхонани ишга тушириш учун 800 миллион сўмлик ускуналар келтирилиши зарур эди.
Корхона ишчи-ходимлари Хитойдан келтирилган мана бу ускуналар ёрдамида қоғоз қутилар тайёрлаб, Иштихон ва унга қўшни бўлган туманлар, шунингдек, Самарқанд шаҳридаги айрим қандолатчилик цехларига етказиб беряпти.
Тадбиркорнинг 600 миллион сўмга яқин ўз маблағи бор эди, яна 200 миллион сўмдан зиёдроқ пул топишнинг ўзи бўлмасди. Фоизи юқорилиги учун банкдан кредит олишга чўчиди. Аммо...
- Шу йил бошида мени ўйлантираётган масалага ечим топилгандай бўлди, - дейди у. – Маҳалламизда иш бошлаган ҳоким ёрдамчиси Рустам Самандаров бир куни мени уйимга излаб келди ва қийнаётган муаммолар ҳақида сўради. Кўпроқ миқдорда пул зарурлигини айтдим. У банкдан 3 йил муддатга имтиёзли кредит чиқаришда кўмаклашишга ваъда берди. Ҳужжатларни тайёрлаганимдан сўнг, бир ҳафта ичида 225 миллион сўмлик имтиёзли кредит олишга эришдим. Шу маблағ туфайли 6 ойдан бери тўхтаб турган ишларимиз юришиб кетди. Корхонага Хитойда ишлаб чиқарилган ускуналарни келтиришга киришдик. Мана уч ойдирки, аввало ўзимиз тайёрлаётган қандолатчилик маҳсулотлар учун, қолаверса, туманимиз, ҳатто қўшни туманлардаги цехлар учун ҳам қоғоз қутилар етказиб беряпмиз.
Корхона ишга тушиб, 7 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. Аҳамиятлиси, уларнинг барчаси ижтимоий дафтарларда турадиган йигит-қизлардир. Шунингдек, корхонага уч нафар мутахассис таклиф қилинган. Бу ерда фаолият олиб бораётган ёшлар уларга шогирдликка тушган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ