Иштихондаги йўл 25 ноябргача таъмирланиши айтилди

Иштихон тумани ҳокимлиги ҳамда вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси Иштихон тумани “Йўғонтепа” маҳалласидаги таъмири чала қолган йўл бўйича хабарга изоҳ берди.

"Иштихон тумани “Йўғонтепа” маҳалласи Минглар ва Дусат қишлоғини боғловчи ички йўлнинг 1,2 километр қисми 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-5048-сонли қарорига асосан Давлат дастурига киритилган бўлиб, 486 миллион 760 минг сўм маблағ ажратилган.

Бугунги кунда 4 минг метр қисмига асфальтобетон қопламаси ётқизилди, қолган 800 метр қисми ёғингарчилик бўлганлиги сабабли қурилиш ишлари тўхтаб қолди.

2021 йилнинг 25 ноябрь кунига қадар ишлар тўлиқ бажарилишини маълум қиламиз", дейилади юқоридаги ташкилотлар муносабатида.