Ислом дини барчани бутун инсониятга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради
Шу йил 15-16 октябрь кунлари юртимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади
Ислом омонлик динидир. Инсонлар динимиз кўрсатмаларига амал қилмас экан, хавфсизлик, хотиржамликка эришиб бўлмайди. Чунки, Исломда жонни ўлдириш, ўзганинг мулкига тажовуз қилиш ва ботил йўл билан молу мулкка эга бўлиш ҳаром қилинган. Муборак динимиз таълимотларида бирон кишига зулм ва зўравонлик қилиш у ёқда турсин, мусулмонни ҳатто қўрқитишдан ҳам қайтарилган.
Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: “Нимага куляпсизлар?”дедилар. “Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз”, дейишди. У зот: “Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас”, дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни шундай дедилар: “Аллоҳга қасам, мўмин бўлмайди, мўмин бўлмайди, мўмин бўлмайди”. Саҳобалар “Ким, эй Aллоҳнинг Расули?” деб сўраганларида, у зот: “Қўшниси унинг ёмонликларидан омон бўлмаган киши”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Қўшнисига озор бериб, ёмонлик қиладиган кишининг имони мукаммал бўлмаслигини қайта-қайта таъкидлаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам исломнинг моҳияти, уни тинчлик ва хотиржамлик дини эканига яна бир бор эътиборимизни қаратдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон биродарига қурол уқталганни лаънатладилар. Иймон келтирмас ва бир-биримизни яхши кўрмас эканмиз жаннатни умид қилмаслигимизни таъкидладилар. Кишилар орасида бир-бирига нисбатан муҳаббатнинг пайдо бўлиши эса саломлашиш орқали бўлишини уқтирдилар. Чунки саломлашишда омонлик, тинчлик тилаш борлиги жамиятда бағрикенглик ҳиссиётини пайдо қилади. Бу эса исломнинг улуғ одатларидандир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир муборак ҳадисларида: “Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омон қолган кишидир”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. “Ислом”, “мусулмон” сўзлари “саломатлик”, “тинчлик” маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.
Ислом дини нафақат мусулмонлар, балки бутун инсониятга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, қўйингки, барча мавжудотга раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Зўравонлик, қўпорувчилик ва тажовузкорликни қоралайди, ҳеч қачон оқлаган эмас ва оқламайди ҳам. Ислом дини ёвузликка қарши курашда ҳам адолат ва инсонпарварлик меъёрларидан ташқари чиқмасликка буюради. Дин ва миллатидан қатъи назар, тинч, осуда яшаётган халқларга нисбатан тажовузкорлик қилмасликка, уларга нисбатан бағрикенгликка ундайди. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм (тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар” (Анкабут сураси, 46-оят).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: “Кимки (тинчлик бўйича) аҳдлашган (бошқа диндагиларни) ўлдирса, жаннат ҳидини ҳидламайди ва унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан мавжуддир”, дедилар. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни унинг аҳлига раҳм-шафқат қилганларида, уларга нима орқали хавфсиз бўлишларини айтдилар: "Ким Абу Суфённинг уйига кирса, у хавфсиз бўлади, ким қуролни ташласа, у хавфсиз, ким масжидга кирса, у хавфсиздир". Муслим ривоят қилган.
Бу ҳолат ҳам ислом тинчликни мўминларга ҳам, бошқаларга ҳам бирдек раво кўришига далолат қилади.
Тинчлик исломда мана шундай қадрланади. Унинг ҳатто ризқдан ҳам афзал эканлиги қайд этилади. Ояти каримада шундай дейилган:
“Эсла, вақтики, Иброҳим: “Роббим, буни омонлик юрти қилгин ва аҳлидан Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларини мевалар ила ризқлантиргин”, – деди. (“Иброҳим” сураси, 128-оят)
Иброҳим алайҳиссалом аввал юртини омонлик диёри қилишини ва шундан сўнг имонлиларни ризқлантиришини сўраганлар. Чунки, тинчлик бўлса ризқ, барака бўлади. Нотинчлик пайти кишининг томоғидан таом ўтмайди. Еган-ичганида лаззат бўлмайди. Ибодат ҳам тинчлик соясида амалга оширилганда мукаммал бўлади.
Ҳудайбия сулҳини эслайлик. Ушбу сулҳда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка аҳли билан ўн йил мобайнида урушмасликка келишиб олдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳудайбияга борганларида, у зот билан бирга бир минг беш юз саҳоба ҳамроҳ эди. Тинчликда ҳаёт кечирган мусулмонларнинг сони ошиб, сулҳдан сўнг икки йилдан зиёдроқ вақт ўтгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн минглаб мусулмонлар билан Маккага кириб келди. Тинчликнинг аҳамияти мана шундай эди.
Салама ибн Убайдуллоҳ ибн Миҳсон ал-Ансорий оталаридан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз уйида омонликда, жасади саломатликда, кунлик таоми ҳузурида ҳолда тонг оттирса, худди унга бутун дунё жамлангандек бўлади”, дедилар”.
Бу дунёда инсоннинг энг яхши ҳолати мана шу уч нарсага эга бўлган ҳолати экан. Шунга эришган одам аҳволим ниҳоятда яхши, деб шукр қилиб юрса бўлади. Кишининг уйига, оиласи, бола-чақасига биров хавф солмаса, тинч-хотиржам бўлса, соғ-саломат бўлса, дарди йўқ бўлса, ейдиган таоми бор одам ниҳоятда улуғ бир бахт-саодатга эришган бўлар экан. Биз буни жуда чуқур тушуниб етишимиз керак. Мазкур ҳолатнинг ўзимизда бўлиши Аллоҳнинг улкан неъмати эканини англаб етишимиз ва унга шукрни ўрнига қўйишимиз лозим. Агар бундай қилмасак, ношукр бўламиз.
Қуръони каримда бундай дейилади: “Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқи кенгу мўл келиб турар эди. Бас, у (аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ унга (аҳолисига) бу “ҳунарлари” сабабли очлик ва хавф либоси (балоси)ни тортиб қўйди” (Наҳл сураси, 112-оят). Уламолар оятдаги: “очлик ва хавф либоси (балоси)ни ношукрликлари сабаб очлик ва хавф бириктирилиб қўйилди, деб тафсир қилишган.
Исломнинг асл манбалари бўлмиш Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларда тинчлик ва бағрикенглик ҳақида кўплаб ишоралар бор. Ушбу мақоламизда улардан айримларини келтириш билан чекландик.
Тинчлик деган бебаҳо неъматнинг қадр-қиммати ва аҳамияти тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда Ислом динининг тинчликни тарғиб қилувчи таълимотларини кенг ёйиш жуда муҳим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг юксак минбаридан туриб тинчликнинг қадри, уни асраш ҳақида гапириб, бу йўналишда диёримиздан етишиб чиққан мутафаккирларнинг илмий меросларини кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2023 йил 19 сентябрь куни БМТнинг 78-сессиясида: “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея таъкидладилар.
Юртбошимиз буюк олимларимизнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурдилар. Ана шу эзгу ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 19 августдаги “Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорида ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, унга кўра, 2024 йил 15-16 октябрь кунлари “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида юртимизда халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилади. Айни кунларда мазкур анжуманни юқори савияда ўтказиш бўйича катта тайёргарлик кўриляпти.
Бу каби нуфузли ва бутун дунё халқлари учун манфаатли бўлган анжуманнинг юртимизда ўтказилишида иншааллоҳ кўплаб хайр ва баракалар бор. Имом Бухорийнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва ҳеч қачон бўлмагай” деган пурмаъно ҳикматли сўзлари остида нақадар улкан таълимот бор. Ер юзида тинчлик ва хотиржамликнинг қарор топишида ислом дини таълимотлари ва буюк ажодларимизнинг илмий меросларидан унумли фойдаланиш айни муддаодир. Аллоҳ таоло биз бандаларга макон қилиб берган ер куррасида тинчлик ва осойишталикни бардавом қилсин. Бу йўлда жидду жаҳд қилаётган барчани ажру савоблар билан сийласин.
Зайниддин Эшонқулов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўринбосари.