Ислом Каримов – халқимизнинг фидойи фарзанди эди
Бугун – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси куни.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, ҳар йили 2 сентябрда бу улуғ инсонни ёд этиш, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказилиши анъанага айланди.
Бугун ҳам мамлакатимизда буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовни хотирлаш тадбирлари ўтказилмоқда.
Улуғ ватандошимиз туғилиб-ўсган Самарқанддаги маросимлар шаҳардаги Ислом Каримов мақбара-мажмуасини зиёрат қилиш билан бошланди.
Қуръон тиловат қилинди.
Биринчи Президентимизнинг давлатимиз мустақилликка эришиши ва тараққиёти йўлидаги хизматлари, Самарқандда амалга оширган бунёдкорлик ишлари ёдга олинди. Қисқа фурсатда қурилган мазкур мажмуанинг Ислом Каримов хотирасини абадийлаштиришдаги маънавий-тарбиявий аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Шундан сўнг Регистон майдони яқинида ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкали пойига вилоят ва Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, давлат идоралари, муассасалар ва жамоат ташкилотлари томонидан гуллар қўйилди.
Тадбирларда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.
– Кеча барчамиз ўттиз йиллигини кенг нишонлаган Ватанимиз Мустақиллиги куни бевосита Ислом Каримов номи билан боғлиқлигини яхши биламиз, – дейди вилоят Нуронийлар кенгаши раиси С.Усмонов. – Буни “Янги Ўзбекистон” боғида ўтказилган байрам тантаналарида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам алоҳида таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, Ислом Каримов Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилиб, тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврларида давлатимизни бошқарди. Мустақил мамлакатимизнинг пойдеворини қўйишда фидойилик кўрсатиб сиёсат юритди. Шунинг учун халқимиз доимо Биринчи Президентимизни ёд этиб, у киши амалга оширган ишлар ҳақида фахр билан гапиради.
Бугун мақбара-мажмуа ва Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган майдон ҳар қачонгидан ҳам гавжум бўлиб, самарқандлик ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ватандошларимиз буюк давлат ва сиёсат арбобини ёдга олмоқда.