Иссиқ ҳарорат ёнғин келтириб чиқариши мумкин

Ҳавонинг кескин исиб кетиши натижасида Самарқанд шаҳри ҳудудида қаровсиз қолган ҳамда тўпланиб, қуриб қолган қуруқ хас-хашакларда ёнғинлар содир бўлмоқда.

Жумладан, 3 июль куни соат 15:00 ларда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси марказий диспетчерлик хизматига Самарқанд шаҳар Рўдакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида жойлашган "Шаҳид мозор" қабристон ичида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида тезкор хабар берилган.
Ёнғин ўчириш жанговар бўлинмалари соат 15:09 да воқеа жойига етиб бориб, соат 15:50 да тўлиқ бартараф этган. Ёнғин оқибатида қабристон ичида қуриб қолган хас-хашаклардан иборат 0,30 гектар майдон ёниб зарарланган, ёнғиндан тан жарохат олганлар йўқ, ёнғин сабаби аниқланмоқда.

Бу каби ҳолатлардан ҳаммамиз хулоса қилайлик: айни аномал иссиқ ҳарорат кузатилаётган шу кунларда уйимизда, автомашиналарда ва қаровсиз қолдирилган жойларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилайлик. Агар шундай нохуш фавқулодда ҳолатларни кўрсангиз, Самарқанд вилояти ФВБ диспетчерлик хизматининг ишонч телефони - 101 ва 1050 қисқа рақамларига мурожаат қилинг.

Ж.Лапасов,
Самарқанд шаҳар ФВБ профилактика ва назорат бўлинмаси инспектори, лейтенант.