Истеъмолчилар фойдасига 3506,1 млн сўм маблағ ҳал этиб берилган
Самарқанд вилоят Монополияга қарши курашиш бошқармаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳудудий тузилмасида жорий йилнинг 13 сентябрь куни матбуот анжумани ташкил этилди.
Матбуот анжуманида ҳудудий тузилма ходимлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқа мутасадди корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Унда ҳудудий тузилма томонидан 2020-2021 йиллар давомида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш, аҳоли муаммолари билан ишлаш ва бошқа долзарб йўналишлар тўғрисида ҳудудий тузилма хисоботи тингланди.
Жумладан, ҳудудий тузилмага 2020 йил ҳисобот даврида жами 1130 та мурожаат келиб тушган. Мурожаатларнинг 728 таси (64,4 фоизи) коммунал, 254 таси (22,5 фоизи) савдо ва умумий овқатланиш, 81 таси (7,2 фоизи) алоқа ва ижтимоий хизматлар ҳамда 67 таси (5,9 фоизи) реклама ва бошқа соҳаларга тўғри келган.
Мазкур мурожаатлар тегишли тартибда атрофлича ўрганиб чиқилиб, 1710,6 млн. сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ҳал этиб берилган.
Шунингдек, 2021 йилнинг 8 ойлик ҳисобот даврида жами 1263 та мурожаат тушган. Мурожаатларнинг 777 таси (61,5 фоизи) коммунал, 312 таси (24,7 фоизи) савдо ва умумий овқатланиш, 148 таси (11,7 фоизи) алоқа ва ижтимоий хизматлари ҳамда 26 таси (2,1 фоизи) реклама ва бошқа соҳаларга тўғри келган.
Мазкур мурожаатлар тегишли тартибда атрофлича ўрганиб чиқилиб, 3506,1 млн. сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ҳал этиб берилган.