Ихтисослашган мактабга ўқувчилар қабул қилинди

Самарқанд шаҳрида янги очилган Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўқиш истагида бўлган ўқувчилар учун жорий йилнинг 9-10 январь кунлари тест синовлари бўлиб ўтди.

Унда 220 нафар 7-синф ўқувчилари ва 240 нафар 8-синф ўқувчилари иштирок этди. Имтиҳон саволлари 20 та математика, 10 та она тили фанидан тузилди. 

Ихтисослаштирилган мактабга 7- ва 8-синф ўқувчилари 60 нафардан, жами 120 нафар қабул қилинди.

- Мактабда куннинг биринчи ярмида дарс машғулотлари ўтказилади, - дейди мактаб директори ўринбосари Исомиддин Нусратов. – Тушликдан кейин ўқув дастурига кўра, ўқувчилар спорт билан шуғулланади, дарс тайёрлайди, тўгарак­ларда қатнашади. 

Ўқувчиларга куннинг узун ёки қисқалигига қараб 3-4 маҳал овқат берилади. Ота-оналардан ҳар ойда бир базавий ҳисоблаш миқдорида ойлик тўлов олинади. Мактабнинг бошқа харажатлари давлат томонидан таъминланади. 

Ўқувчилар мактаб ётоқхонасида яшайди. Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи ўқувчилар дарс ва машғулотлар тугагач, уйига кетишга рухсат берилади. 

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.