Жамиятнинг иқтисодий юксалиши, аҳоли бандлиги, халқ фаровонлиги сайловолди дастурда мукаммал этиб белгиланган

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Рустам Холмуродов Самарқанд туманида туман фаоллари ва сайловчилар билан учрашди.

Унда ҳудуд фаоллари, туман кенгаши депутатлари, фахрийлар, тадбиркорлар, хотин-қизлар ва ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг ҳаёти, меҳнат фаолияти, бешта устувор мақсадни қамраб олган сайловолди дастури билан таништирди.

Таъкидландики, сайловолди дастурда бизнес ва аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, инфратузилмани ривожлантириш бўйича янги ёндашувлар амалга оширилиб, йўл-транспорт соҳасида авиақатновлар сони 4 марта оширилади. "Тошкент – Самарқанд", "Навоий – Бухоро" йўналишларида қўшимча тезюрар темир йўллари қурилади. Электрлашган темир йўллари улуши 43 фоиздан 65 фоизга оширилиб, темир йўл соҳасига хусусий сектор жалб қилиниб, хизматлар сифати рақобатбардош нархлар асосида белгиланади. Шунингдек, 6 та йирик аэропорт модернизация қилиниб, хусусий авиакомпаниялар сони 10 тага етказилади.

2030 йилга қадар туман марказларидан ҳар бир қишлоққача – жами 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қурилади ва жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинади.
Қувонарлиси, "Тошкент – Самарқанд" ва "Тошкент – Фарғона водийси" йўналишларида хусусий шериклик асосида янги автомобиль йўллари қурилади.

Хусусан, иқтисодиёт соҳаларидаги катта режалар 2030 йилгача 250 миллиард доллар инвестицияларни талаб этилиб ва бундан 110 миллиард долларни хорижий инвестициялар ҳисобидан, 40 миллиард долларни давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Энг катта масалалардан бири – кредит фоизларини тушириш билан боғлиқ эканлигини, яъни кредит фоиз ставкасини ҳозирги ўртача 20 фоиздан 10-12 фоизга тушириш лозимлиги таъкидланди. Шу мақсадларга эришиш учун банк омонатлари ҳажми деярли 4 баробар оширилиб, ҳозирги 70 триллион сўмдан 260 триллион сўмга етказилиб, банкларни хусусийлаштириш тезлаштирилиши ва давлат ихтиёрида фақат 3 та банк қолиши, банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши учун имконият яратилиши сайловолди дастурида ўз аксини топган.
Учрашув якунида ишончли вакил барчани Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чақирди.