jamoatchilik.uz‘да жамоатчилик таклифлари қабул қилинмоқда
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда аҳолининг иштироки кенгайиб бормоқда. Фуқаролар жамият ҳаётидаги муаммоли масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини, таклиф ва ташаббусларини билдиришда фаоллик кўрсатмоқда. Бугун Ўзбекистонда қонунчиликка киритилиши лозим бўлган ўзгаришлар, ишлаб чиқилаётган янги қонун ҳамда давлат дастурларининг лойиҳалари, ҳатто маҳаллий даражадаги норматив ҳужжатлар ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган ҳолда қабул қилиниши тизими шаклланмоқда.
2017 йилда тасдиқланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида илк бор Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва муҳокамалар давомида фуқаролардан, идора ва ташкилотлардан кўплаб таклиф ҳамда мулоҳазалар билдирилган эди. Бу анъана йилдан-йилга давом этиб, фуқаролар овози, уларнинг фикри асосида дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Бу эса ўз навбатида, давлат дастурларининг халқчиллигини оширади, уларнинг ижроси самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
2020 йил якунига саноқли кунлар қолган шу кунларда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан 2021 йил учун мўлжалланган Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш учун таклифларни қабул қилиш бошланди. Таклифлар jamoatchilik.uz платформаси орқали қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгилаб қўйилганидек, давлат халқ иродасини ифода этади. Демак, тасдиқланаётган Давлат дастурлари ҳам халқнинг хоҳиш-истакларини, фуқароларнинг муаммоларини қамраб олиши ва пировардида аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда давлатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига ҳисса қўшадиган устувор вазифаларни ўзида акс эттириши лозим.
jamoatchilik.uz платформаси орқали фуқаролар томонидан давлат ва жамият қурилиш тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш борасидаги таклифлари келиб тушмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамиятининг ривожланишида бу ҳолатлар муҳим аҳамиятга эга. Бугун таклиф бериб, ташаббус кўрсатган жамият эртага унинг натижасини ҳам сўрайди, шу тартибда давлат ва жамият ўртасида онгли мулоқот муҳити шаклланиб боради.
Зафар КАРИМОВ,
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Самарқанд вилоят бўлинмаси раҳбари.