ЖҲСТ бош директори Самарқанддаги университет “Фахрий профессори” бўлди
Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (ЖҲСТ) Европа минтақавий комиссиясининг 31-конференцияси доирасида мазкур форум иштирокчилари Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети фаолияти билан ҳам танишди.
Мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ислоҳотлар натижаси ўлароқ ташкил этилган мазкур университетда бугунги кунда соҳа учун халқаро стандартлар асосида юқори малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Тошкент ва Нукус шаҳарларида университет филиаллари, шунингдек, бешта техникум ташкил этилган.
Меҳмонларга университетда жорий этилган “ЖҲСТ модели” ҳақида маълумот берилди. Университет ректори, профессор Х.Юнусов АҚШнинг Миннесота университети билан йўлга қўйилган “Твиннинг дастури” айнан мазкур ташкилот ёрдами билан амалга оширилганлигини таъкидлади. Бунинг натижасида ветеринария фан дастурлари ва ўқув материаллари жаҳон стандартларига мослаштирилиб, ўқув давомийлиги 5 йилга узайтирилганлиги ва бошқа ижобий ўзгаришлар ушбу ҳамкорликнинг меваси эканлигини қайд этди.
Тадбирда Бутунжаҳон ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти бош директори Эммануэль Субейран хонимга Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг “Фахрий профессори” илмий унвони берилиб, эсдалик совғалари топширилди.